АСКАРИЙ

АСКАРИЙ — ўртапишар, майизбоп, уруғсиз, хўраки узум нави. Шарқий экологик-географик навлар гуруҳига киради. Асл ватани — Эрон. Арманистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида экилади. Тупи ўртача ўсади. Барги йирик, чўзинчоқ, силлиқ, арра тишли, туксиз. Гули икки жинсли. Узум боши ўртача ва йирик, шингиллари тиғизлиги ўртача. Ғужуми уруғсиз, ўртача, оч сариқ. Пўсти юпқа, ғуборли. Эти сершира, мазаси ёқимли. Ҳосили фаол ҳарорат йиғиндиси 2800 — 3000 да 120 — 130 кунда пишиб етилади. Ҳосилдорлиги 59 — 90 ц/га. Совуққа бардоши паст. Раға ва ун шудринг билан касалланади. Янгилигида истеъмол этилади, майиз солинади.

Loading...