АСКИЯ

АСКИЯ (араб, закий — ўткир зеҳнли, ҳозиржавоб) — ўзбек халқ оғзаки ижоди тури; фольклор жанри; икки ва ундан зиёд киши ёки гуруҳнинг халқ йиғинлари (сайил, тўй, байрам)да маълум мавзу бўйича бадиий сўзда тортишуви. Тарафлар баъзан даврада, баъзан қарама-қарши ўтирган, турган ёки юрган ҳолда тез жавоб беришга, ўз жавобларини лўнда, сермаъно, латиф, таъсирли, жозибали ва кулгили чиқаришга ҳаракат қиладилар. Жавоб топишда қайси тараф мавзу, жанр доирасидан четлашса ёки сўз танлашда пала-партишликка йўл қўйса ўша тараф енгилган ҳисобланади. Томошабин ўз кулгиси ва эҳтиросли қийқириқлари билан тарафлар ва уларнинг жавобларига баҳо бериб боради; мазмундор, серқочирим Аскиядан завқланади, саёз ва қўполларидан ранжийди. Аскиянинг мазмунли, серзавқ, кулгили чиқишида тарафлардан ҳозиржавоблик, бадиҳагўйлик, шунингдек мавзуга алоқадор кенг ва чуқур маъноли сўзларни топа билиш, юз, кўз, қўл, тана ҳаракатларидан, товуш ва имо-ишоралардан ўринли фойдалана билиш талаб этилади.

Аския турларини мукаммал эгаллаган, катта давраларда тортиша оладиган кишилар аскиячи, аскиябоз деб аталади. Туркистонда бундай кишилар бадиҳагўй номи билан юритилган. Аскиячи тилнинг кенг имкониятларини пухта эгаллаган, сўз ўйини, қочирим, ҳазил-мутойиба, киноя, ташбиҳ, кесатиқ, ўхшатиш, муболаға, масхара каби ҳажв санъати воситаларидан усталик билан фойдалана оладиган бўлиши лозим. Аския тортишувида закийлик, ҳозир-жавоблик асосий мезон ҳисобланади. Аскиянинг вазифаси кулги чиқариш орқали кишиларнинг кайфиятини ростлаш, уларга завқ бахш этиш, муайян мавзу доирасида уларнинг билимларини янада кенгайтириш, аклини, фикрини чархлаш, зийрак, ҳозиржавоб бўлишга даъват этиш, шу билан бирга турмушдаги ва айрим кишилар хулқидаги камчиликлар устидан енгил кулги уйғотишдир. Аскиянинг пайров, қофия, радиф, тутал, ўхшатдим, бўласизми, баҳри байт, сафсата, «гулмисиз, жамбилмисиз, райҳонмисиз», ширинкорлик, афсона, раббия, лақаб каби турлари бор. А. ўзбек халқи орасида кўп асрлардан бери мавжуд бўлиб, унинг дастлабки шакли уруғчилик даврида пайдо бўлган. Алоҳида жанр сифатида, асосан, 15 – а. дан шаклланган. Бу даврда Мир Сарбираҳча, Мавлоно Бурҳониланг, Саид Ғиёсиддин шарфа, Мавлоно Халил Саҳоф, Муҳаммад Бадахший каби машҳур аскиячилар яшаган. Булар орасида энг истеъдодлиси ва атоқлиси Мавлоно Абдулвосеъ мунший бўлган. 18 — 19-а. ларда Аския, айниқса, Фарғона водийси ва Тошкентда ривожланган. Бачқир қишлоғи (Фарғона водийси)да Дехлон юзбоши Шерназаров (1860 — 1942) ва Зангиота қишлоғи (Тошкент)да Саидаҳмад аскиячи (1880 — 1940) каби машҳур аскиячилар ўтган. Уларнинг анъаналарини 20 – а. нинг 40 — 60 – й. ларида Эрка қори Каримов, Мамаюсуф Тиллабоев, Юсуфжон Шакаржонов, Расул қори Мамадалиев, Ака Бухор Зокиров ва б. давом эттирдилар. Кейинги йиллар Турсунбува (Ижроқўмбува) Аминов, Мамарозиқ Исҳоқов, Раҳматқул ва Абдуллажон Яшаровлар, Абдулҳай Махсум Қозоқов, Мамажон Мадаминов, Тошкентда ака-ука Шожалиловлар А. ривожига катта ҳисса қўшдилар. 50 – йиллардан Аския концерт дастурларига ҳам киритилди. Лутфихоним Саримсоқова, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Муҳаммаджон Мирзаев, Ғанижон Тошматов, Гавҳар Раҳимова, Сойиб Хўжаев каби санъаткорлар Аскияни театр саҳнасига олиб чиқиб, томошабинларга манзур қилганлар. Ҳозир ҳам байрам, сайиллар ва тўй маросимларида Аския мусобақалари, кечалари ва ҳ. к. ўтказиб турилади, аскиячиларнинг республика кўриклари уюштирилади. 1960 – й. ларда ТошДУ ва Санъатшунослик ин-ти фольклор экспедициялари кўплаб Аския айтишувларини ёзиб олди. Аския пайровлари ёзилган пластинкалар чиқарилди. «Аския» ҳужжатли фильми (реж. М. Қаюмов) яратилди.

Аския оғзаки ва ёзма адабиётда ҳам учрайди: «Алпомиш», «Кунтуғмуш» достонларида Аскияга хос қочиримлар, сўз ўйинларига бой парчалар бор. Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис», К. Яшиннинг «Тор-мор» драмаси ва б. асарларда Аския воситасида яратилган мароқли эпизодлар, тили Аския ёрдамида индивидуаллаштирилган персонажлар мавжуд. Ҳозир Аскиянинг пайров тури айниқса кенг ривож топган.

Ад.: Муҳаммадиев Р., Аския, Т., 1970; Қодиров М. Х., Ўзбек халқ томоша санъати, Т., 1981.

Комил Имомов, Муҳсин Қодиров.