АСЛ МЕТАЛЛАР ПРОБАСИ

АСЛ МЕТАЛЛАР ПРОБАСИ (лот probo — синаб кўриш, баҳолаш) — ишланадиган ва танга зарб қилинадиган қотишма таркибидаги соф олтин, кумуш, платина ва б. қимматбаҳо металлар миқдорини ифодалайдиган мезон. Кўпчилик мамлакатларда Асл металлар пробаси метрик тизим бўйича 1000 г қотишма таркибидаги нодир металлнинг граммлар миқдори билан ифодаланади. Одатда асл металлар юмшоқроқ бўлиб, бу металларга легирловчи металлар (мис, рух, никель ва ҳ. к.) қўшилмаса, улардан тайёрланган буюмлар пухта бўлмайди. Илгари (1917 й. гача)Ўзбекистонда проба тизими 96 мисқолдан (ҳар мисқол 4,25 г) иборат қадоққа (409 г га) асосланган. Унда энг юқори даражадаги Асл металлар пробаси 96 га тенг эди. Ҳозир Ўзбекистонда олтин буюмлар учун 375, 500, 583, 750, 958 пробалар, кумуш буюмлар учун 800, 875, 916, 960 пробалар, платина буюмлар учун 950 проба, палладий буюмлар учун 850 проба мавжуд. Ўзбекистонда асл металлардан ясалган буюмларнинг қонунлаштирилган пробаларга мувофиқ келишини Ўзбекистон Молия вазирлиги назорат қилиб боради. Буюм пробасини тасдиқлаш учун унга давлат тамғаси уриб кафолатланади.

Loading...