АСОСИЙ ЎҒИТ — экинлар экилишидан олдин тупроққа солинадиган ўғит. Асосий деб аталишининг сабаби шуки, унинг таркибида айни участкага мўлжалланган озиқ моддаларнинг кўп қисми бўлади. Асосий ўғит бутун вегетация даврида ўсимликнинг озиқланишини таъминлайди. Асосий ўғитни тупроқ-иқлим шароити, ўғитларнинг хусусияти, хўжаликда мавжудлиги ва б. га қараб кузда ёки баҳорда солиш мумкин. Одатда фосфорли ўғитлар умумий миқдорининг ярмидан кўпи ёки 65 — 75%, калийли ўғитларнинг 50% ва органик ўғитларнинг деярли ҳаммаси Асосий ўғит сифатида солинади. Шудгорлашдан олдин фақат суперфосфатна эмас, аммофосни ҳам солиш мумкин. Шўр ерларга ўғитлар ер шўри ювилганидан кейин солинади.