АСПИДЛАР

АСПИДЛАР (Elapidae) — илонлар оиласи, 41 — 43 уруғга бўлинган 181 тури бор, барчаси заҳарли. Устки жағида заҳар оқиб тушадиган эгатчали бир жуфт тиши бор. Заҳари кучли, нервни фалажловчи таъсир кўрсатади, баъзан одамни ўлдиради. Аспидларнинг ёноқ қалқони, рудимент оёқлари бўлмайди, ўпкаси битта. Аспидлар тропик ва субтропик минтакаларда, хусусан Африка, Жан. Осиё ва Австралия, Жан. ва Марказий Америкада тарқалган. Ўрта Осиёда капча ёки қошиқбош илон тури учрайди. Аспидлар асосан ерда, баъзи турлари дарахтда яшайди. Бақалар, бошқа илонлар, майда кемирувчилар билан озиқданади. Аспидларга капча илонлар, мамбалар, ёвуз илонлар ва б. киради.