АСПИРАНТУРА

АСПИРАНТУРАузлуксиз таълим тизимининг таркибий қисми, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар (фан номзодлари) тайёрлаш шакли. Ўзбекистонда Аспирантура 1930-й. ларда ташкил этилган. А. ЎзР Фан ва техника давлат комитети ҳамда ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (OAK) билан келишилган ҳолда Ўзбекистон ФА Ҳайъати, вазирлик ва идоралар ҳайъатининг қарори билан илмий тадқиқот ин-тлари, олий ўқув юртлари ва б. илмий муассаса ҳамда ташкилотларда тегишли мутахассисликлар бўйича очилади. Аспирантура ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда ташкил қилинади. Аспирантурада и. т. ишлари олиб бориш муддати и. ч. дан ажралган ҳолда 3 й., и. ч. дан ажралмаган ҳолда 4 й. дан ошмаслиги керак. И. ч. дан ажралган ҳолдаги Аспирантурага 30 ёшгача, и. ч. дан ажралмаган ҳолдаги Аспирантурага эса 40 ёшгача бўлган илмий ҳамда илмий-педагогик ишга лаёқатли мутахассис ва магистрлар қабул қилинади. Аспирантурага кирувчилар урнатилган тартибда кириш имтиҳонларини топширадилар. И. ч. дан ажралган ҳолдаги Аспирантурага қабул қилинганларга стипендия тўланади. Аспирантлар ўз илмий фаолиятларини и. т. институти ёки олий ўқув юрти илмий кенгаши томонидан тасдикланган илмий мавзу асосида тузилган шахсий иш режасига мувофиқ ташкил этадилар. Аспирантларга уларнинг илмий фаолиятларига раҳбарлик қилиш учун фан д-ри ва проф. лардан илмий раҳбарлар тайинланади. Баъзи ҳолларда, истисно тарзида, шу соҳада маълум илмий муваффақиятга эришган ҳамда д-рлик диссертацияси устида и. т. олиб бораётган катта илмий ходим ёки доцент илмий унвонига эга фан номзодлари ҳам илмий раҳбарликка тайинланишлари мумкин. Аспирантлар диссертация мавзулари бўйича илмий изланишларини и. т. институтлари ва олий ўқув юртларининг лаб., кафедра ва б. илмий бўлимларида олиб борадилар. Зарурият туғилган ҳолларда улар шартнома асосида ривожланган мамлакатлар илмий марказ ва олий ўқув юртларига юборилиши мумкин. Аспирантлар номзодлик дис-сертацияларини ихтисослаштирилган илмий кенгашларга ҳимоя учун тақдим этиҳдан одцин OAK томонидан белгиланган номзодлик имтиҳон (минимум)ларини топширишлари зарур. Илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш шаклларидан бири — идора ичида ва идоралараро мақсадли Аспирантура ҳам мавжуд. Мақсадли Аспирантурага тузилган шартнома асосида муассаса ва ташкилотлар томонидан юбориладиган олий маълумотли мутахассислар ва магистрлар танлов асосида қабул қилинади.

Аспирантура асосан академик ва малакавий имтиҳонларни топшириш ҳамда и. т. ишлари натижаларини, яъни номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиш билан якунланади. Диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилганларга OAK қарори билан тегишли фан соҳаси бўйича «фан номзоди» илмий даражаси берилиб, давлат томонидан тасдиқланган намунадаги диплом топширилади.

M. Тошпўлатов.

Prev Article

АСПАК

Next Article

АССАМБЛЕЯ