АССАЛОМУ АЛАЙКУМ

АССАЛОМУ АЛАЙКУМ (араб. – сизга тинчлик, саломатлик тилайман) — мусулмонлар ўзаро учрашганда ишлатиладиган саломлашув ибораси. Салом қабул қилувчи «Ва алайкум ассалом» («Сизга ҳам тинчлик, саломатлик тилайман»), деб жавоб қайтаради. Ассалому алайкум таниган ва танимаган мусулмонларга берилади. Кичик ёшдагилар ёши улуғларга, улов минган одам пиёдага, пиёда кетаётган киши ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради. Ассалому алайкум кўпчилик ҳузурига кириб ўтиришда ҳам айтилади. Ассалому алайкумни киши эшитадиган қилиб мулойим тарзда айтиш лозим. Ассалому алайкум ўзаро муомала-муносабатнинг боши бўлиб, ўзига хос иликлик, самимият, очиқ кўнгиллилик бахш этади. Ассалому алайкумни ошкора айтиш кишилар ўртасида муҳаббат пайдо этиб, ўртадаги гина ва кудуратларни кетказади. Ўзидан катталарга ҳурмат, кичикларга шафқат юзасидан салом-алик қилиш кишиларимиз учун ахлоқий мезон бўлиб қолган. Ассалому алайкум дейиш суннат, жавоб қайтариш эса вожибдир.