АССИМИЛЯЦИЯ

АССИМИЛЯЦИЯ — 1) ўхшашлик, айнанлик, қўшилиш, ўзлаштириш;

2) (этнографияда) — бир халқнинг ўз тили, маданияти, урф-одатлари ва б. ни йўқотиб, иккинчи халққа қўшилиб кетиши (қ. Миллат);

3) (тилшуносликда) — бир товушнинг бошқа бир товуш таъсирида унга ўхшаб кетиши ёки бир хиллик касб этиши, мас, тузсиз-туссиз. Ассимиляциянинг бир неча тури фарқланади: тўлиқ (ерни — ерри), тўлиқсиз (ўтган — ўткан), прогрессив — олдинги товуш таъсирида кейинги товуш ўзгариши (ўтди — ўтти), регрессив — кейинги товуш таъсирида олдинги товуш ўзгариши (сўзсиз — сўссиз), дис-тант — ёнма-ён бўлмаган ундошлар ўхшаши (мошкичири — мочкичири), контакт — ёнма-ён ундошлар ўхшаши (қўлни-қўлли).