АССИМИЛЯЦИЯ

АССИМИЛЯЦИЯ (лот. assimililio-бирикиш, ўзлаштириш, ўхшатиш) — (биол. да) тирик организмлар учун хос бўлган моддалар алмашинувининг бир томони, ташқи муҳитдан олинадиган моддалардан организм учун зарур мураккаб моддалар ҳосил бўлиши. Ассимиляция — тирикликнинг энг асосий хусусиятларидан биридир. Ассимиляция жараёнида организмнинг ўсиши, ривожланиши ва янгиланишида энергия манбаи сифатида фойдаланиладиган моддалар тўпланиши таъминланади. Термодинамика нуқтаи назаридан организмлар очиқ система бўлиб, уларга ташқи муҳитдан энергия келиб туради. Тирик организмлар учун қуёш нури дастлабки энергия манбаи ҳисобланади. Ер юзида учрайдиган барча тирик организмлар энергия манбаларидан фойдаланиш хусусиятларига кўра автотроф ва гетеротроф гуруҳгаажратилади. Фақат автотрофлар (яшил ўсимликлар) қуёшнинг энергиясидан фотосинтез жараёнида органик моддалар (углеводлар, оқсиллар, ёғлар) синтез қилиши мумкин. Хемосинтезловчи микроорганизмлардан ташқари барча организмлар (гетеротрофлар) тайёр органик моддаларни Ассимиляция қилади, яъни улардан энергия манбаи ёки қурилиш материали сифатида фойдаланади. Ассимиляция жараёнида гетеротрофлар организмида оқсиллар дастлаб аминокислоталаргача парчаланади, яъни биологик индивидуаллик хусусиятини йўқотади, сўнгра ҳар бир организмнинг ўзи учун хос бўлган оқсиллар синтезланади. Тирик организмда уни таш-кил этувчи қисмларнинг янгиланиши парчаланиш (диссимиляция) ва синтезланиш (А.) туфайли тўхтовсиз давом этади. Мас, катта ёшдаги одам организмида оқсиллар тахм. 2,5 йил давомида тўлиқ алмашинади. Ассимиляциянинг интенсивлиги ва бу жараённинг диссимиляцияга нисбати организмлар тури ҳамда ёшига боғлиқ. Ассимиляция организмлар ўсаётган даврда, яъни ёш ҳайвонлар организмида, ўсимликларнинг бутун ҳаёти давомида жадал кечади. Ассимиляция анаболизм жараёнига ўхшаш, лекин ундан озиқнинг истеъмол қилиниши ва организмда озиқ моддаларнинг тўпланиши, яъни ҳужайрадан ташқарида борадиган жараёнларни ҳам ўз ичига олиши билан фарқ қилади.

Loading...