АССОМЛАР

АССОМЛАР (ўзларини ахомийа, ассомийа деб атайдилар) — Ҳиндистоннинг Ассом штатида яшовчи халқ, умумий сони 14,55 млн. кишига яқин (1992), шундан 220 минг киши Бутанда яшайди. Ассом тилида сўзлашадилар. Европеоид ирқига мансуб. Дини — ҳиндуизм. Мил. 1-минг йиллик ўрталарида бу ерда Камарупа давлати мавжуд бўлган. 13 – а. да Бирмадан чиққан ахомлар уни босиб олиб, ўз давлатларини тузганлар. Мамлакат ва халқ номи шундан олинган. Кейинчалик ерли халқ билан аралашиб, уларнинг тили ва маданиятини қабул қилганлар. Ассомлар деҳқончилик, чорвачилик, қисман ҳунармандчилик билан шуғулланадилар, чой етиштириш плантациялари, нефть саноатида ҳам ишлайдилар.

Loading...