АСТИГМАТИЗМ

АСТИГМАТИЗМ (юн. а — инкор қўшимчаси ва stigme — нуқта) — 1) ёруғлик нуқтавий манбаининг тасвири битта текисликда ётмайдиган иккита ўзаро тик кесмада кузатиладиган оптик тизим аберрацияси. Агар нуқтавий манбадан тарқалувчи нурлар дастаси оптик тизимдан ўтишда деформацияланиб, бир нуқтада кесишмай, турли нуқталарда кесишса, бундай нурлар дастасига астигматик даста, ҳодисанинг ўзи Астигматизм дейилади. Астигматизм, мас, цилиндрик линзаларда ва нурлар дастаси оптик ўққа катта бурчак остида тушувчи сферик линзаларда кузатилади. Кейинги ҳолда буюмнинг оптик ўқдан узоқдаги нуқталари тасвирини аниқ кузатиб бўлмайди. Астигматизмдан холи мураккаб оптик тизимлар анастигматлар деб аталади; 2) тиббиётда — кўзнинг нурларни бир нуқтада синдира олмаслиги. Кўз мугуз пардасидан нур ўтганда, одатда, у гавҳарда синиб, унинг фокус нуқтаси битта бўлади, лекин Астигматизмда мугуз парда ва кўз гавҳарининг тўғри ҳамда кўндаланг йўналишдаги нур синдириш кучи турлича, нур йиғиш нуқтаси эса иккита бўлиши мумкин. Астигматизмга мугуз парда ва кўз гавҳари қалинлигининг икки меридианда икки хиллиги сабаб бўлади. Бунда беморга цилиндр шишали, контакт линзали кўзойнак тақиш тавсия этилади.

Prev Article

АСТАТ

Next Article

АСТОН