АСТРАХОН — РФдаги шаҳар, Астрахон вилоятининг маъмурий маркази. Волга дарёси дельтасидаги йирик денгиз ва дарё порти, т. й. тугуни. Қуйи Волга бўйининг муҳим иқтисодий маркази. Каспий денгизидан 100 км узоқда. Аҳолиси 511,7 минг (1999). Астрахон қад. шаҳарлардан бири. Шаҳар мўғуллар ҳукмронлиги йилларида (13-а.) Итилнинг чап соҳилида жойлашган Аштархон (Ҳожи Тархон) қишлоғи ўрнида қурилган. 1459 й. дан А. Астрахон хонлигининг пойтахти. 1556 й. да шаҳарни Астрахон хонлиги билан бирга Россия босиб олган. Астрахон 17—18-а. ларда ҳукуматга қарши кўтарилган қўзғолонларнинг маркази бўлган. 1717 й. дан губерня шаҳри. 1943 й. дан вилоят маркази. Саноатининг етакчи тармоқлари: озиқ-овқат (жумладан, балиқ овлаш), машинасозлик ва металлсозлик (жумладан, кемасозлик). Ёғочсозлик, целлюлоза-қоғоз саноати ҳам ривожланган. Астрахонда 4 олий ўқув юрти, ўлкашунослик музейи, суратлар галереяси, 2 театр, 6 музей бор.