АСТРОБИОЛОГИЯ

АСТРОБИОЛОГИЯ (астро… ва биология) — коинотда ҳаётнинг барча кўринишдаги (микроорганизмлар даражасидан юқори цивилизациягача) турларини ўрганадиган фан. А. астрономия, биология ва биокимёнинг ютуқларига таянади ва айрим масалаларни ечишда космик биол., космик тиббиёт билан боғланиб кетади. Космик жисм сифатида Ерда, унинг дастлабки атмосфераси шароитида ҳаётнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши масаласи Астробиологиянинг асосий муаммоси ҳисобланади.

Бугунги илмий маълумотларга кўра, Меркурий, Венера ва Ойда ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Бироқ атмосфераси жуда сийрак бўлган Марсда ҳаёт бўлиши мумкин. Буни текшириш мақсадида Марсга қўндирилган космик аппаратлар «Викинг-1» ва «Викинг-2» (1976) (АҚШ) ёрдамида автоматик тарзда учтадан тажрибалар ўтказилди. Марс ҳавоси ва жинси махсус олиб борилган озиқага солинди. Аввалига органик ҳаёт борлигини кўрсатган тажриба кейин тескари натижа берди. Тажрибалар углеводородга асосланган ҳаётни қидиришга қаратилган эди. Ҳолбуки ҳаёт бошқа бирикмаларга асосланган бўлиши мумкин. Бу масала Марсга одам туширилган ва тажрибалар ўтказилгандан кейингина узил-кесил ҳал бўлади.

Бошқа юлдузлар атрофида ҳаётни излаш алоҳида муаммо ҳисобланади. Уларгача бўлган масофа узоқ бўлгани учун уларни ҳозиргача автоматик аппаратлар ёрдамида текшириб бўлмади. Агар улар атрофида юқори цивилизация босқичига эришган ҳаёт (ақлий фаол мавжудотлар) бўлса, улар билан радиоалоқа ўрнатиш мумкин бўларди. Бу мақсадда 1960 й. да ҳаёт бўлиши мумкин бўлган яқин юлдузлар томон радиосигналлар юборилди. Бу сигналлар биз Ерликлар тўғрисидаги маълумотларни «олиб кетди». 1974 й. да шарсимон юлдузлар тўдаси М13 томон радиомактуб юборилди. Жавоб 48 минг йилдан кейин келиши мумкин (қ. Ердан ташқаридаги цивилизациялар). А. нинг сайёралар юзида ўсимликларни ахтарадиган бўлими астроботаника деб аталади. Ҳар хил шароитларда (шунингдек, бошқа сайёралар юзасидаги шароитга яқин) ўсимликларнинг ривожланишини ўрганади.

Ад.: Сатторов И., Автоматик станциялар сайёраларни текширади, Т., 1981.

Исроил Сатторов.

Prev Article

АСТМА

Next Article

АСТРОМЕТРИЯ