АСТРОФОТОГРАФИЯ

АСТРОФОТОГРАФИЯ (остро… ва фотография) — астрономик кузатувлар усули; осмон ёритқичларини фотографик йўл билан суратга олишга асосланган. Астрофотография космик жисмларнинг нисбий координаталари ва ҳаракатларини аниқлаш, параллакат ўлчаш, Қуёшнинг тўла тутилиши пайтларида Эйнштейн эффектии» кузатиш ва б. қатор масалалар билан шуғулланади, астрофизика, юлдуз астрономияси ва осмон механикасига оид зарур маълумотларни беради. Телескоп ёрдамида кўзга кўринмайдиган жуда хира космик жисмларни ҳам фотографик йўл б-н суратга олиш мумкин. Ультрабинафша ва инфрақизил нурларга жуда сезгир фотоэмульсия ихтиро қилинганидан кейин Коинотни ўрганишга кенг йўл очилди. Бир вақтнинг ўзида бир қанча космик жисмлар ёки объектнинг тўла тасвирини олиш фотографик кузатиш усулининг муҳим хусусиятларидан биридир. Фотосурат олингандан кейин уни синчиклаб ўрганиб, юлдузлар харитаси ва каталоги, Қуёш, Ой, сайёралар, кометалар, туманликлар, галактикалар ва б. космик жисмлар ҳақида янги-янги маълумотлар олинади. Фотография, дастлаб, Қуёш ва Ойнинг суратини олишда ишлатилди. Қуруқ фотоэмульсия пайдо бўлганидан сўнггина юлдуз ва туманликларнинг фотосуратини олиш имконияти туғилди. 1891 й. да фотографик усул билан биринчи кичик сайёра очилди.

Комета ва астероидларнинг деярли ҳаммаси Астрофотография усули билан кашф қилинади. Фотографик усулнинг астрофизикада қўлланиши муҳим маълумотларни олишга ва унинг кескин ривожланишига имкон берди. Юлдуз қанчалик равшан бўлса, фототасвирнинг диаметри шунчалик катта ва қорамтир бўлади. Фотографиянинг бу хусусияти ту-файли фотометрия пайдо бўлди (қ. Астрофотометрия).

Loading...