АСТРОГРАФ

АСТРОГРАФ (астро… ва… граф) — осмон ёритқичларини фотографик усулда кузатиш учун мўлжалланган телескоп. У кўпинча оптик ўқлари бир-бирига параллел икки труба: осмон ёритқичларини суратга туширадиган асосий ва кузатилаётган ёритқичга бўлган йўналишни оддий кўз билан текшириб туриш учун мўлжалланган визуал трубадан иборат бўлади. Астрограф ёрдамида суратга олиш баъзан жуда узоқ, (бир неча соат) давом этади: шунинг учун осмон гумбази билан бирга ҳаракатланадиган ёритқичларни кузатишни осонлаштириш мақсадида Астрограф соат механизмларига эга бўлган махсус параллактик қурилмаларга ўрнатилади. Астрометрик ишларда фокус масофаси 2 м дан кам бўлмаган Астрограф қўлланилади. Астрографнинг фокус масофаси ортган сари унинг ёрдамида олинадиган фотосуратнинг масштаби ҳам катталашади. Ўзбекистон ФА Астрономия ин-тида фокус масофаси 2,0; 3,0 ва 3,4 м ли Астрографлар бор.