АСТРОНОМИК СОАТЛАР

АСТРОНОМИК СОАТЛАР — астрономик кузатишларда қўлланиладиган аниқ ва хатосиз юрадиган соатлар. Вақтни катта аниқлик билан билиш астронометрияда ва амалий астрономиянинг бир неча бўлимларида жуда зарур ҳисобланади. Қадим замонлардан то 15-а. гача астрономия ва б. эҳтиёжлар учун қуёш, кум ва сув соатларидан фойдаланиб келинган. Механизмли соат астрономияда биринчи марта 1484 й. да қўлланилган. 1647 й. да Гюйгенс (Голландия) маятникли соатларни ихтиро қилгандан сўнг улар астрономияга ҳам жорий этилди. Бундай соатлардан 20-а. ўрталаригача астрономик расадхоналарда фойдаланиб келинди. Денгизда сузиш ва авиацион астрономияда маятникли соатлардан фойдаланиб бўлмаслик хронометрии ихтиро этишга олиб келди. Унинг аниклиги маятникли соатларникидан кам. Энг кўп тарқалган маятникли Астрономик соатлар «Рифлер», «Шорт», «Эталон» соатларини кўрсатиш мумкин.

20-а. 40—50-й. ларида астрономияда кварц соатлари ва кейинроқ атом соатлари қўлланила бошланди. Маятникли соатларда тебраниш даврининг ўзгармас бўлишини маятник бажарса, кварц соатларида кварцдан тайёрланган пластинканинг пьезоэлектрик тебраниши, атом ёки молекуляр соатларда эса атомларнинг молекуладаги ҳаракати (мас, азот атомининг аммиак молекуласидаги даврий тебраниши) бошқаради. Атом соатларининг аниклиги 10~9 — 10~’° сек. Атом соатларининг 00 соат 00 минут 00 секунди жойлардаги ҳар бир сутканинг бошланишига аниқ мос тушиши шарт. Бу масала осмонда оддиндан танлаб олинган бир неча ўн юлдузнинг жойлардаги меридиандан ўтиш вақтини махсус пассаж асбоби ёрдамида аниқлаб ҳал этилади.

Ўзбекистон ФА Астрономия ин-тида юқорида номлари келтирилган соатларнинг ҳар қайсисидан бор. Улардан «ўз вазифасини бажариб» бўлганларининг ноёблари мазкур ин-тда ташкил этилган музейда сақланмоқда.

Абдусалом Латипов.