АСТРОНОМИЯ-ГЕОДЕЗИЯ ТАРМОҒИ — бир-биридан тахм. 70— 100 км узоқликда жойлашган астрономия-геодезия пунктларининг ўзаро боғланган тизими. Ана шундай пунктларнинг географик координаталари масофа ва бурчакларни геодезик ўлчашдан, астрономик кузатишлардан топилади. Астрономия-геодезия пунктининг географик кенгламаси, узунламаси ва азимутини геодезия усулларида ўлчанади, сўнгра Ерни айланма эллипсоид деб фараз қилиб, астрономик кузатишлардан олинган маълумотларга таққосланади. Иккала усулда олинган натижалар фарқи қабул қилинган эллипсоиднинг геоиддан фарқини ифодалайди. Уни ҳисобга олиб янги эллипсоид қабул қилинади ва шу йўл билан Ернинг ҳақиқий шакли ва ўлчамларига яқинлашилади.