АСТРОНОМИЯ ИНСТИТУТИ, Ўзбекистон ФА Улуғбек номидаги Астрономия институти — Туркистон ўлкасида хариталаштириш ва иқлимни ўрганиш мақсадида Туркистон Ҳарбий топография бўлими қошида Тошкент астрономия расадхонаси сифатида 1873 й. ташкил қилинди. 1966 й. да Астрономия институтига айлантирилди. Ин-тда «Ўзгарувчан юлдузлар», «Қуёш физикаси», «Галактика астрономияси ва космогония», «Космик геодинамика», «Майданак тоғ расадхонаси» бўлимлари ва унинг фаолиятини таъминловчи Китоб астрономия расадхоналари мажмуи бор. Ин-тнинг 25 га яқин астрономик телескоплари Майданак тоғ расадхонасида (Қашқадарё вилояти), Китоб ш. да, Чимён (Тошкент вилояти) яқинидаги Қумбел тогида ва Тошкент ҳудудида ўрнатилган. Булар орасида Ўрта Осиёда ягона, кўзгусининг диаметри 1,5 м бўлган телескоп ва ўта ноёб кўп уяли ёруғлик матрицасига эга Қуёш телескопи бор (1998).
Дастлаб, асосан, астрометрия ва юлдуз астрономияси йўналишлари бўйича ишларривожланган. Илгари меридиан астрометрия бўлими (Л. Л. Маткевич, М. Ф. Биков, Ғ. Жалолов, И. М. Бородицкий, О. С. Турсунов ва б.), фотографик астрометрия бўлими (А. А. Латипов, С. Н. Нуритдинов, Ш. Пиримқулов, А. Раҳимов, А. Қодиров, Ҳ. Эшмуҳамедов ва б.) и. т. ишлари олиб борган. Кейинчалик ушбу икки бўлим бирлашиб, астрометрия бўлими деб номланди ва и. т. ишларини давом эттирди (Л. И. Баштова, Ю. Болтабоев, Э. Раҳматов, Г. Г. Ходак, Э. Мирмаҳмудов ва б.). Илгариги вақт бўлими — кундалик вақт хизматидан ташқари, пассаж асбобларнинг изчил хатоларини топиш ва тузатиш, жойнинг географик кенгламасини аниқлаш, қитъаларнинг ҳаракатини ўрганиш ва юлдузларнинг махсус каталогини тузиш б-н шуғулланган (В. П. Шчеглов, Б. В. Ясевич, Т. Нуралиев, Э. Санақулов ва б.). Ернинг ўз ўқи атрофида нотекис айланиши муаммоларини ўрганиш билан Китоб кенглама ст-яси ходимлари А. М. Калмиков, Б. Маҳаматғозиев, С. Эшонқулов ва б. шуғулланган. Астрономия институтида Ўрта Осиё астрономия тарихига доир муҳим илмий асарлар ҳам яратилган (В. П. Шчеглов, F. Жалолов).
Ўзгарувчан юлдузлар бўлими дастлаб ностационар турли юлдузларни кузатиш, улар нурланишининг фотометрияси ва юлдузлараро муҳитда ютилиши бўйича тадқиқотлар олиб борган (В. С Шевченко, Г. И. Шанин, М. М. Зокиров, А. С. Хўжаев, Н. Килячков ва б.). Ҳозир эса бу бўлим асосан юлдузларнинг туғилиш ўчоқларини ва турли ностационар юлдузларни кузатиш билан шуғулланади (К. Гранкин, М. Ибрагимов, В. С. Шевченко ва б.). Майданакда бажарилган кўп йиллик фотометрик кузатувлар асосида юлдуз пайдо бўлиши соҳаларидаги ёш нобарқарор юлдузлар атм. ларидаги физик жараёнлар, зич қўшалоқ системаларнинг хусусиятлари ўрганилмоқда. Қуёш физикаси бўлими Қуёшдаги чақнашлар, доғлар ва фаоллик комплекслари табиатини ўрганади (Ю. М. Слоним, И. Сатторов, 3. Б. Коробова, К. Кулишова, Ш. А. Эгамбердиев). Кейинги ўн йилликда бўлимда гелиосейсмология деб номланган янги йўналиш — Қуёш ички тузилишини ўрганишга доир тадқиқотлар ИРИС ва ТОН халқаро дастурлари доирасида амалга оширилмоқда (Ш. А. Эгамбердиев, С. П. Илёсов, Ш. С. Холиқов, И. М. Хамитов ва б.). Франция, АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Тайвань, Марокаш, Чили, Австралия ва б. давлатларнинг астрономик муассасалари билан бевосита алоқалар ўрнатилган. Гамма-нурлар манбаларини тадқиқ этиш мақсадида 1986 й. юқори энергиялар астрофизикаси бўлими ташкил этилди (Т. С. Йўлдошбоев ва б.). 1995 й. дан бошлаб бу соҳадаги тадқиқотлар Ўзбекистон ФА Физика-техника ин-тида давом эттирилмоқда. 1996 й. да Галактика астрономияси ва космогония бўлими тузилди (С. Н. Нуритдинов). Бўлимда Цейсс Қўшалоқ астрографи ва Тошкентдаги Нормал астрографда олинган юлдуз системалари кинемати-касига оид маълумотларни таҳлил қилиш (А. А. Латипов, А. А. Раҳимов, Э. Раҳматов) ва Галактикамизнинг тузилишини назарий асослаш мақсад қилиб қўйилган. Ҳоз. кунда галактикалар физикасида биринчи бор спирал галактикалар тараққиётининг коллапс даври учун назарий моделлари қурилиб, уларнинг гравитацион беқарорлиги муаммолари ва Галактикамиз текислик ташкил этувчи қисми тузилиши тадқиқ этилмоқда (С. Н. Нуритдинов, М. Мўминов ва б.). Космик геодинамика бўлими 1997 й. Китоб кенглик ст-яси ва Вақт хизмати бўлимлари асосида очилган; у жой координаталарини аниқлаш ва ўзгаришини кузатиб бориш, қитъаларнинг ҳаракатини тадқиқ этиш, Ернинг ўз ўқи атрофида айланишидаги нотекисликлар қонуниятларини аниқлаш масалалари билан шуғулланади. Бўлимда GPS, PRARE (Германия) ва DORIS (Франция) йўлдош системаларининг ердаги радиотехник ускуналари ўрнатилган.
Ўзбекистонда астрономия тарихи ва келажагини Майданак тоғ расадхонасисиз тасаввур этиб бўлмайди. 1996—97 й. ларда Бирлашган Европа Жан. расадхонаси билан ҳамкорликда ўта замонавий ускуна ёрдамида ўтказилган кузатишлар (Ш. А. Эгамбердиев, С. И. Илёсов) бу расадхона жаҳоннинг машҳур расадхоналари қаторида туришини тасдиқлади. Натижада ин-т жаҳоннинг бирнеча йирик астрономик марказлари билан ҳамкорликда улар келтирган асбоб-ускуналар ёрдамида тадқиқотларни бошлаб юборди. Булар орасида АҚШнинг Ван Влек ва Питтсбург ун-тлари расадхоналари, Россия ва Литва астрономик муассасалари бор. 1997 й. да Ўзбекистон ва Украина ўртасида Майданак тоғида оптик астрономияни ривожлантириш тўғрисида шартнома имзоланди. Ўзбекистон астроном олимлари Россия ФА нашр қиладиган «Астрономический журнал»да ўз мақолалари билан қатнашиб туришади.
Шуҳрат Эгамбердиев.