АСТРОСПЕКТРОСКОПИЯ

АСТРОСПЕКТРОСКОПИЯ (остро… ва спектр…, юн. skopeo — қарайман) — осмон ёритқичлари нурини спектрга ёйиб таҳлил қиладиган, унга асосланиб уларнинг физик ҳолати, кимёвий таркиби, ҳаракати, шунингдек юлдузлараро муҳитдаги модданинг хусусиятларини текширадиган астрофизик усул. Осмон ёритқичлари спектри телескопга ўрнатилган тирқишли ёки тирқишсиз спектрограф воситасида олинади. Тирқишли спектрографда бир вақтнинг ўзида битта юлдуз спектрини олиш мумкин. Объективи олдига призма ўрнатилган астрограф бирданига бир неча ўн ва юз юлдуз спектрини олишга имкон беради. Астроспектроскопия асосий масалалари осмон ёритқичи спектрини суратга тушириш ёки лентага ёзиб олиш ва унда энергиянинг тақсимланишини, спектрал чизиқлар тўлқин узунликларини ўлчаш ва бу чизиқлар қандай кимёвий элемент атомларига тегишли эканини аниқлашдан иборат. Бунинг учун осмон ёритқичи спектри устига ва тагига эталон спектрал чизиқлари бор лаб. манбаининг спектри ҳам туширилади. Ёритқичнинг спектрал чизиқлари манба чизиқларига таққосланади ва уларга нисбатан тўлқин узунликлари ўлчанади. Шундай йўл билан ёритқич атмосферасида қандай кимёвий элементлар борлиги аниқланади. Кузатилган чизиқларнинг эталон чизиқларга нисбатан силжишига кўра ёритқичнинг нур йўналишидаги (нурий) тезлиги топилади. Мас, Галакти-калар спектрида чизиқларнинг қизилга силжиши (Доплер эффекти).

Аниқ физик маълумотлар ёритқич спектрини фотометриялаш йўли б-н олинади. Спектрда энергиянинг тақсимланиши ёритқичнинг т-расини улчашга, спектрал чизиқларни фотометриялаш ёритқич атмосферасининг микдорий, кимёвий таркибини, т-расини, зичлигини аниқлашга имкон беради. Юлдузларнинг кимёвий таркиби умуман олганда бир хил бўлиб, асосан, водород ва гелийдан иборат, уларнинг спектри таркибига ва чизиқларининг интенсивлигига кўра бир-биридан фарқ қилади. Спектрал чизиқларнинг интенсивлигига кўра юлдузлар спектрал синфларга ажратилган. Бундай ажралиш асосида т-раларнинг ҳар хиллиги ётади. Юлдузларнинг спектрал синфи билан уларнинг ёрқинлиги (тўла энергиялари) орасида боғланиш мавжуд. У спектр-ёрқинлик ёки Гершпрунг-Рессел диаграммам дейилади. Осмон ёритқичларидаги барча кимёвий элементлар Ерда ҳам бор. Баъзи элементлар (мас, гелий) аввал Қуёш, юлдуз ва туманликларда, кейинчалик эса Ерда топилган. Спектрал таҳлил осмон ёритқичларини ўз ўқи атрофида, қўшалоқлиги кўринмайдиган зич жуфт юлдузларнинг умумий масса маркази атрофида айланишини (спектрал қўшалоқ юлдузлар) ўлчашга ва ўрганишга, ёритқичларнинг магнит маидонини ўлчашга (қ. Зееман эффекти) имкон беради.

Исроил Сатторов.

Loading...