АСЦИДИЯЛАР (Ascidia) — қобиқлилар кенжа типининг синфи. Уз. 0,1 мм дан 30 см гача, якка ёки колония бўлиб яшайди. Халтасимон танаси қалин қобиқ (туника)га ўралган, устки томонида оғиз тешиги ва клоака сифони жойлашган, остки томони билан сув тубига ёпишган. Ҳалқуми деворида жойлашган жуда кўп жабра ёриқлари жабра олди бўшлиғига очилади. Бу бўшлиққа жинсий йўллар, клоакага орқа ичак очилади. Иккиламчи тана бўшлиғи ҳалқум деворидан ҳосил бўлган бир жуфт най — перикард ва эпикарддан иборат. Вояга етган Асцидияларда хорда, невроцель каби хордалилар учун хос бўлган белгилар бўлмайди, лекин личинкасида бу органлар ривожланган. Жинсий ва жинссиз йўл билан кўпаяди. Личинкаси эркин яшайди. Асцидияларга бир неча туркум, 100 уруғ ва 2000 га яқин тур киради. Деярли ҳамма денгизларга тарқалган.