АТЕИЗМ

АТЕИЗМ (юн. а — инкор қўшимчаси, theos — худо; худони, динни инкор этиш) —динни, диний таълимотни, худони, умуман илоҳий кучларга эътиқод қилишни инкор этиш. Диний ва атеистик дунёқарашлар бир-бирига зид бўлиб, бунинг заминида идеалистик ва материалисток фалсафий йўналишлар ўртасидаги кураш ётади. Атеизм қадимда илк атеистик тасаввурлар пайдо бўлган даврдан ҳоз. кунгача бир неча босқични босиб ўтди. Қад. Миср, Бобил, Ҳиндистон ва Хитойда мил. ав. 3-минг йилликдан бошлаб диний ақидаларни танқид қилган асарлар пайдо булган. Антик дунё, яъни Юнонистон ва Рим атеистлари табиат ҳодисаларини материалис-тик асосда талқин қилишга, динларнинг вужудга келиш сабабларини очишга уриндилар. Ўрта асрларда диннинг мавқеи кучли булган шароитда Атеизм деярли ривожланмади. Европада ўрта аср мутаассиблиги устидан ғалаба қозонилгач, Спиноза, француз материалистлари, Фейербах каби атеистлар ўз фаолиятларини Тавротнинг танқиди ва дунёвий маърифатчиликни ёйишга қаратдилар. Умуман Марксгача Атеизм асосан динни танқид қилиш билан чекланган ҳолда унинг жамиятда сақланиб қолиши ва муайян мақсадларга хизмат қилишини эътироф этиш билан характерланади. Марксистик Атеизм бундан тубдан фарқ қилади, зеро у ўз олдига ердаги ҳаётни инқилобий йўл б-н ўзгартириб, диндан холи бўлган жамият барпо этишни мақсад қилиб қўйганди. Марксчи-ленинчилар «коммунистик жамият қурилиши жараёнида диний ҳамда ўтмишнинг бошқа сарқитларидан озод бўлган, илмий атеистик дунёқараш билан қуролланган янги инсон шаклланажаги» ҳақида даъво қилдилар. Марксистик атеизм Ўзбекистонда ҳам ўзининг салбий ролини ўйнади. 30-й. ларда республикада «Худосизлар» номи билан ўзбек тилида журнал нашр этилди. Араб алифбоси бекор қилингач, минглаб китоблар ёқиб ёки кўмиб ташланди, юзлаб масжид ва мадрасалар омборхоналарга айлантирилди ёки ташландиқ ҳолга келтирилди, араб тили ва ислом тарихининг билимдонлари қувғин остига олинди. Тошкент шаҳрида бутуниттифоқ Илмий атеизм ин-тининг республикалараро филиали очилгани (1981 й.) ва, айниқса, Ўзбекистон КП МКнинг 16 – (1984 й.) пленуми чақирилганидан кейинги пайтни Ўзбекистонда Атеизмнинг қутурган йиллари деб аташ мумкин. Зеро шу йиллари мамлакатда динга узил-кесил барҳам беришга қаратилган тадбирлар ўтказилди. Жумладан, линий байрамлар ва маросимлар таъқикланади; ҳатто севимли халқ байрами Наврўзга ҳам «диний» тамға урилиб, уни йўққа чиқаришга ҳаракат қилинди. СССР қулагач, «илмий атеизм» умуман фан сифатида йўқ бўлди. Илмий-техник жиҳатдан ривожланган мамлакатларда муайян фалсафага (мас, неопозитивизм, экзистенциализм ва ҳ. к.) асосланган атеистик қарашлар ҳозир ҳам сезиларли ўрин эгаллайди. Айниқса 20а. 2-ярмида Бертран Рассел ва Жан-Пол Сартрларнинг асарлари бу борада катта роль ўйнади. АҚШ ва Ғарбий Европа мамлакатлари аҳолисининг 8—10% атеист ҳисобланади. Ер юзида турли динлар ва майда диний фирқалар мисли кўрилмаган даражада кўпайиб кетган бугунги реал воқеликда Атеизмнинг ўзига ҳам эътиқод сифатида қараш урф бўлаяпти. Кўпгина халқаро ҳужжатларда, хусусан, Инсон ҳуқуқлари декларациясида: «Ҳар бир инсон фикр, виждон, дин ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эгадир», деб ёзилган. Замонавий демократик жамиятларда, шу жумладан, Ўзбекистонда фуқаролар учун ҳақиқий виждон эркинлиги ҳуқуқи, яъни ҳар қандай динни эркин танлаб олиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик Конституция билан кафолатланган.

Аҳаджон Ҳасанов.

Prev Article

АТАКАМА

Next Article

АТЕЙ