
АТЕРОСКЛЕРОЗ
АТЕРОСКЛЕРОЗ (юн. athera — бўтқа ва склероз) — ёғсимон модда (липоид)лар алмашинуви бузилиб, уларнинг артерия ички қаватида тўпланиши ва бириктирувчи тўқиманинг ўсиб кетиши на-тижасида келиб чиқадиган сурункали касаллик. А. қон айланишининг умумий ва маҳаллий бузилиши билан бирга кечади. Артерия девори тўқимаси хужайраларидаги ўзгаришлар, уларда кечадиган биокимёвий жараёнлардаги бузилишлар Атеросклероз пайдо бўлиши ва ривожланишида муҳим роль ўйнайди. Артериялар деворининг айрим соҳаларида фиброз тўқима ривожланиши, шу соҳаларда холестерин ва б. моддалар йиғилиши Атеросклероз пайдо бўлишига олиб келади. Бу артериал қон босимининг кутарилиши ёки артериал гипертензияга (қ. Қон босими) бевосита боғлиқ. Атеросклероз авж олишига сабаб бўладиган касалликлардан бири қандли диабетдир. Бундай беморлар врачнинг доимий кузатуви остида бўлишлари лозим. Атеросклерозга мойиллик кейинги авлод вакилларининг маълум бир қисми орасида ирсий йўл билан утади; ота-онаси Атеросклероз билан оғриган шахслар ирсий мойилликка йўл қўймаслик учун унинг ол-дини олиш чораларини кўришлари зарур. Атеросклерозда барча артерияларнинг умумий зарарланиши кам учрайди. Асосан, бош мия, юрак, буйрак ва оёқ томирлари зарарланади. Бош мия томирларида атеросклеротик ўзгаришлар авжига чиққанда қон айланишининг ўткир бузилиши — инсульт рўй бериши мумкин.
Юрак мускулини қон билан таъминлайдиган томирлар Атеросклерози тож томирлар етишмовчилигининг юзага келишига сабаб бўлади. Бундай етишмовчилик оқибатида стенокардия, миокард инфаркти ва юракнинг бошқа касалликлари ривожланиши мумкин. Оёқ артериялари склерозида оёқлар бўшашади, болдир мускуллари оғрийди ва тортишади, юришда ўзгариш кузатилади. Атеросклерознинг олдини олиш учун артериялар деворининг бутунлигини сақлаш ва уларда холестерин йиғилишига йўл қўймаслик мақсадида беморнинг ҳаёт тарзига доир врач маслаҳатлари ва тавсияларини бажариш керак.