АТИР

АТИР (араб. — хушбўй) — хушбўй ўсимликларнинг гули, барги, иддизидан ёки баъзи ҳайвонлар безларидан олинадиган моддаларнинг спиртдаги эритмаси. Атир дастлаб Шарқ мамлакатларида тарқалган. У замонларда Атир турли гул мойларидан олиниб, мушк ва анбарлар аралаштириб тайёрланган. Қадим замонларда (мил. ав. 5000 — 2000 й.) ҳам Атир ишлатилганлиги маълум. Ҳозир Атир сунъий усудда синтез қилинган ҳар хил хушбўй моддалардан ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Гултожбарг ёки ўсимлик илдизидан эфир мойи олиш учун у махсус герметик қозонда экстракция қилинади ва Атир композицияси (эфир мойи билан хушбўй модда аралашмаси) тайёрланади. Ҳар бир Атир учун ўзига хос «ҳид» (бўй) танланади. Тузилган композиция юқори даражада тозаланган этил спиртда эритилиб, эмалланган берк идишларда 12 кунгача сақланади. Сўнгра фильтрдан ўтказилиб, флакон шишачаларга қуйилади. Аъло сифатли Атирда 10—12%, ўртачасида 5% хушбўй модда бўлади. Тошкент атир-упа ф-касида бошқа давлатлардан тайёр композициялар олиб ишлатилади ёки эфир мойлари келтирилиб, композиция шу ерда тайёрланади.