АТМОСФЕРА ФРОНТЛАРИ

АТМОСФЕРА ФРОНТЛАРИ — метеорологик элементлари ҳар хил бўлган икки ҳаво массасини ажратувчи зоналар. Атмосфера фронтларида метеорологик элементлар горизонтал йўналишда кескин ўзгаради. Ер юзасига яқин қатламда ўтиш зонасининг эни, одатда, 100 км дан ошмайди. Атмосфера фронтлари ер сиртига нисбатан қия йўналиб, салқин ҳаво зичроқ бўлганлиги учун илиқ ҳаво остига пона шаклида киради, Ерга нисбатан жуда ётиқ, деярли горизонтал жойлашган. Ажратувчи зонанинг горизонтал йўналишдаги кенглиги бир неча юз км бўлса, бундай зона фронт зонаси деб аталади. Атмосфера фронтлари қанча тез харакат қилса, метеорологик элементлар шунча кескин ўзгаради. Шунинг учун Атмосфера фронтларида кучли вертикал оқимларни, турли булутлар шаклини, ёғинларни, хуллас, об-ҳавонинг кескин ўзгаришларини кузатиш мумкин. Атмосферанинг умумий циркуляциясидаги аҳамиятига қараб, Атмосфера фронтларини арктик, қутб ҳавоси орасидаги арктик, қутбий ва тропик ҳамда экваториал ҳаво орасидаги тропик хилларга ажратиш мумкин. Баъзи ваqnларда кенг горизонтал ҳаво массалари ичида иккинчи даражали фронт ҳам ҳосил бўлади. Фронт салқин ҳаво томонга ҳаракатланса, салқин фронт деб юритилади. Одатда, салқин фронт илиқ фронтга қараганда тезроқ ҳаракатланади. Шу сабабли, баъзан, салқин фронт илиқ фронтга етиб олиб, қўшилиб кетади. Бундай Атмосфера фронтлари окклюзия фронти деб юритилади. Илиқ ҳаво салқин фронт бўйлаб юқорига кўтарилса, анафронт, пастга қараб йўналса, катафронт дейилади.

Одатда, Ўрта Осиёда салқин фронтларнинг ўтиши об-ҳавонинг кескин ўзгаришлари (ёмғир, қор, ҳароратнинг пасайиши, кучли шамол)га олиб келади, Жала, момақалдироқ ва б. тингач, салқин фронт чизиғидан кейин об-ҳаво очилиб кетади. Илиқ фронт ўтганда эса об-ҳавода кескин ўзгаришлар юз бермайди, камдан-кам ҳолларда ёғингарчилик бўлади.