АТМОСФЕРА ЖАРАЁНЛАРИ — атмосферанинг бир текис исимаслиги ва унда бароклинликнинг (бир хил зичлик ва солиштирма ҳажмга эга бўлган юзаларнинг изобарик юзалар билан мос тушмаслиги) ривожланиши туфайли пайдо бўладиган жараёнлар. Атмосфера жараёнлари натижасида атмосферанинг умумий циркуляцияси ва бир қанча маҳаллий (локал) циркуляциялар вужудга келади. Атмосфера галаёнлари — циклон ва антициклон туфайли атмосфера умумий циркуляцияси Ер шарининг турли кенгликлари ва ҳудудлари ўртасида ҳаво алмашинувини келтириб чиқаради. Радиацион шароитлар ва циклонлар фаолияти таъсирида атмосфера алоҳида ҳаво массаларига бўлинади, уларнинг аралашиб кетиш хусусиятлари ўзгаради, иссиқ ва совуқ ҳаво массалари орасида эса камбар ўтиш зонаси — атмосфера фронтлари вужудга келади. Атмосфера жараёнлари катта географик майдонларда об-ҳаво тартиботини белгилайди. Мас, Ўрта Осиё ҳудудига совуқ ҳаво оқимининг бостириб кириши ҳатто йилнинг иссиқ фаслларида ҳам совуқ ва нам об-ҳавони жан. циклонларнинг кучиши иссиқ ва нам, антициклонларнинг ўтиши қуруқ ва очиқ обҳавони вужудга келтиради (қ. Атмосфера циркуляцияси).