АТОЛЛ (мальдивча атолу сўзидан) — ҳалқасимон маржон ороллари. Очиқ денгизларда учрайди. Атолл чўккан вулкан ороллари қирғоғидаги маржон рифларидан пайдо бўлган. Тропик кенгликларда очиқ денгизда, айниқса Тинч океаннинг марказий қисмида, баъзида архипелаг тарзида учрайди. Кўпинча Атолл ҳалқаси ичидаги сув (чуқ. 100 м дан ошмайди) денгиз билан туташиб, қўлтиқ ҳосил қилади. Улар унча катта бўлмайди, фақат айримлари ҳалқасининг диаметри 50 км ва ундан ошади. Баъзи Атолл қўлтиғи кемалар тўхташи учун қулай.