АТРИБУЦИЯ (лот. atributio — нисбат бермоқ) — бадиий асар (расм, ҳайкал ва б.)нинг асиллигини, муаллифини, яратилган жойи, вақтини аниқлаш. Санъатшуносликда асарнинг услуби ва яратилиш хусусиятлари (материал, композиция, ижодкорнинг ўзига хос услуби ва ҳ. к.) таҳлилига асосланади. Дастлаб мутахассисларнинг тажрибавий билими ва ҳиссий хулосаларига асосланган Атрибуция 19-а. охиридан илмий услубий тахлил, ким-ёвий ва физик тадқиқотлар (макро – ва микросуратга олиш, рентгенография, инфрақизил, ультрабинафша нурлар ва б.) натижаларига таянмоқда.