АУСТЕНИТ — темир-углерод қотишмаларининг таркибий тузилмаларидан бири. углероднинг у-темирдаги қаттиқ эритмаси. Инглиз тадқиқотчиси Р. Аустен (1843—1902) номига қўйилган. Углеродли пўлатларда Аустенит одатда 727° дан (критик нуқтадан) юқори т-радагина барқарор бўлади, аммо аста-секин совитиб борилса, т-ра 727° га етганда феррит ва цементитга, яъни перлитга парчаланади. Аустенитнинг кристалл панжараси қирралари марказлашган куб, панжара параметрлари Аустенит таркибидаги углерод миқдорига қараб ўзгаради ва 3,63 дан 3,68 А гача бўлади. 1147° да у-темирда энг кўп миқдорда (2,14%) углерод эрийди, бинобарин, шу т-рада Аустенит таркибида 2,14% углерод бўлади. Т-ра пасайган сари, Аустенит таркибидаги углерод миқдори камая бориб, 727°да 0,8% ни ташкил этади. Аустенит юмшоқ ва пластикдир.