АВАНГАРДИЗМ

АВАНГАРДИЗМ (франц. avantgardiste) — 1) 20-a. адабиёт ва санъатида қатор замонавий оқимларнинг умумий шартли номи. Авангардизм тарафдорлари адабиётни ва санъатни тубдан янгилашни, унинг шакли ва ифодавий имкониятларини кенгайтиришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган, аввалги қарор топган йуналишлар (шу жумладан, романтизм, реализм, импрессионизм, неоклассицизм ва б.) га танқидий ёндашган. Авангардизм намояндалари санъатнинг предметини ҳам, услубини ҳам, шакл ва мазмунни ҳам янгилашни ўзида ифода этган умумий истак остида бирлашганлар. Бу йўналиш тараққий этган 1905—30 й. ларда унинг тамойиллари экспрессионизм, фовизм, кубизм, дадаизм, сюрреализм; адабиётда — «онг оқими», футуризм, мусиқада — додекафония, атоналлик ва б. каби модернистик оқим ва мактабларда, шунингдек баъзи йирик сўз усталарининг маълум даврдаги ижодий фаолиятида намоён бўлди. Бир-бирига зид майллар, турли ижтимоий, ғоявий-эстетик нуқтаи назарда турган, ижодий тақдири бир-бирига ўхшамаган санъаткорлар Авангардизм (модернизм) нинг умумий оқимида тўқнашди. Даврнинг энг ўткир ижтимоий қарама-қаршиликлари Авангардизм зиддиятларида ўз аксини топди. Баъзи йирик санъаткорлар ижодларининг дастлабки даврида Авангардизмга мойил бўлганлар (мас, П. ЭлюарФранция; В. Незвал — Чехословакия; В. Брехт, И. Бехер, X. Эйслер — Германия; Д. РивераМексика; В. Маяковский, Д. ШостаковичРоссия).

Жаҳон адабиёти ва санъатининг кўпгина забардаст вакиллари Авангардизм тажрибаларига асосланиб, замонавий санъатнинг етакчиларига айландилар (мас, Ж. Жойс — Ирландия; М. Пруст — Франция; П. Мондриан — Нидерлан-дия; С. Дали ва П. ПикассоИспания; П. Клее — Швейцария; В. Кандинский, М. Малевич, С. Прокофьев — Россия ва б.).

2-жаҳон урушидан кейин ғарбда Авангардизм оқими жонланиб, «абсурд драма», «янги роман», «конкрет поэзия», тасвирий санъатда — поп-арт, минимализм, абстракционизм, мусиқада — алеаторика, сонористика, электрон мусиқа ва б. кўринишларида намоён бўлди.

Авангардизм тамойиллари Ўзбекистон тасвирий санъатида 20-й. ларда ҳам кузатилади (А. Волков, А. Николаев, Ў. Тансиқбоев, М. Курзин, О. Татевосьян). 1970-й. лардан бошлаб мусиқада — композиторлар Р. Вильданов, Н. Зокиров, А. Малахов, М. Тожиев, Т. Қурбонов, Ф. ва Д. Янов — Яновскийлар, Н. Ғиёсов ва б., театрда — режиссёрлар Н. Абдураҳмонов, М. Вайл, тасвирий санъатда — рассомлар Ж. Умарбеков, Жалолов, М. Тўхтаев ва б. А. ифодавий имкониятларидан ижодий фойдаланмоқда.

2) Фалсафадаги Авангардизм — зарур тараққиёт босқичлари ва реал шарт-шароитларни назарга олмай сакраш йўли билан жамиятдаги қарама-қаршиликларни бартараф этишга интилиш.

Prev Article

АВАНГАРД

Next Article

АВЕСТО