АВАР ХОҚОНЛИГИ — Паннония (ҳоз. Венгрия, Югославия ва Австрия ҳудудининг бир қисми)даги аварларнинг давлат бирлашмаси (6-а. ўртаси — 8-а. охири). Ғарбий турк хоқонлигининг асосини ташкил этган, бошида аварлар турган йирик кабилалар уюшмаси Ўрта Осиёдан Каспий бўйининг ғарбидаги даштларга, сўнгра шим. Қора денгиз бўйлари, Дунай бўйи ва Болқон я. о. га бостириб кирганлар (6-а. ўртаси). 6-а. 50—60 й. ларида аварлар савирлар, антлар, гепидлар ва б. европалик қабилалар истиқомат қиладиган ерларни вайрон қилганлар. Шу юришлар натижасида Паннонияда Авар хоқонлиги барпо этилган. Давлатни йирик саркарда Боёнхон бошқарган. Яшил рангли байроққа эга бўлган, байроқ ўртасида орқага қараб ўқ-ёй отаётган киши отда чопиб кетаётган ҳолатда тасвирланган. Маҳмуд Кошғарий бу ҳолатни Искандарнинг Туронни босиб олаётган давридаги туркий қавмларга нисбат берган. Авар хоқонлиги славянлар, франклар, лангобардлар, грузинлар, шунингдек Византияга муттасил ҳужумлар қилиб турган. 7-а. бошида Авар хоқонлигининг ҳарбий қуввати заифлашган, ўзаро низолар авж олган. 7-а. ўртасида аварлар шим. Қора денгиз бўйларидан сиқиб чиқарилган. Дунай бўйларида 680 й. Биринчи Булғор подшолиги барпо этилиши билан Паннониядаги Авар хоқонлиги тасарруфидаги ерлар ҳудуди қисқарган. 8-а. 90-й. ларида Авар хоқонлиги Буюк Каря бошчилигидаги франклар томонидан узил-кесил тугатилган.