АВАРЛАР

АВАРЛАР (ўзларини маарулал деб атайдилар) — Доғистонда (496 минг кишидан зиёд) ва Озарбайжоннинг шим. ғарбий қисмида (44 минг киши) яшовчи ерлик халқ. А. ва уларга яқин халқларнинг умумий сони Россия Федерациясида 544 минг киши (1992). Аварлар ислом динининг сунний оқимига мансуб. Авар тилида сўзлашади. 19-а. нинг 2-ярмида фақат Хунзах ясситоғлигида яшовчи аҳоли ўзларини Аварлар деб аташган. Тарихан бир ҳудудда шаклланган гуруҳлар, айрим қабила қолдиқларини рус адабиётида Аварлар деб юритилган. Булар: салатовлар, бактлилар, койсубулилар, андаллар, телетлилар, хунзахлар, гидатлилар ва б. А. атрофида анд-цез (андодидой) халқлари ва арчинлар уюшаётган бўлиб, улар гарчи ўзларини Аварлар деб атаётган бўлсаларда, айрим этнографик хусусиятлари ва она тилларини сақлаб қолганлар. Аварлар чорвачилик, деҳқончилик, шунингдек боғдорчилик билан шуғулланади. Уларда ҳунармандчилик, хусусан, заргарлик тараққий этган.