АВАЗ ЎТАР УЙ-МУЗЕЙИ — адабиймемориал музей. Аваз таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Ичан қалъада у яшаган уй ўрнида қурилган бинода очилган (1984). Музей олдида шоирга ҳайкал ўрнатилган. У 4 хонадан иборат: 1 – хонага Аваз асарларидан намуналар, суратлари, альбомлар, устоз ва шогирдларнинг китоблари ва б. қўйилган; 2 – хонани шоирнинг отаси Полвонниёзнинг кийим-бошлари, сандиқ, кўрпа-тўшак, ўчоқ, чироқ, хуржун, милтиқ ва б. эгаллаган; 3 – хона Аваз ижодхонаси: стол, курси, лавҳ, шамдон, ойна, сиёҳдон, қаламдон бор, токчага китоблар терилган, шунингдек шоирнинг кийим-кечаклари ва б. қўйилган; 4 – хона меҳмонхона, унда дастурхон, чойнак-пиёла, патнис, кўрпача, нақшли стол, соат ва б. бор, деворига сўзана, дутор осилган. Музей экспонатлари 3 мингга яқин.