АВАЗ ЎТАР

АВАЗ ЎТАР — Аваз Полвонниёз (Ўтар) ўғли (1884.15.8 – Хива-1919) — ўзбек маърифатпарвар шоири. Дастлаб мактабда, сўнг Хивадаги Иноқий мадрасасида ўқиди. 18 ёшларида шоир сифатида халқ ўртасида танилди. Муҳаммад Раҳим Соний (Феруз) А. Ў. истеъдодига катта эътибор берган, уни саройга таклиф қилиб Табибийни унга устоз тайин этган. Аммо, Аваз Ўтар сарой ҳаёти билан чиқишолмай, уни тарк этади. 20-а. бошларида кўзга ташланаётган миллий уйғониш, истиқлол ғоялари Аваз Ўтар ижодига кучли таъсир кўрсатади. Аваз Ўтар ижодида эркпарварлик, озодлик, маърифатпарварлик ғоялари, турмуш иллатларига қарши қаратилган ҳажвлар пайдо бўла бошлайди, бу даврда шоир юксак инсоний фазилатларни, чинакам инсоний муҳаббатни тараннум этувчи лирик шеърлар, қитьалар, рубоийлар езди. Аваз Ўтар ижодида алоҳида ўрин тутган ҳажвий шеърлар туркуми — «Фалоний» ҳам шу давр маҳсули. Аваз Ўтар «Миллат», «Ҳуррият»; «Топар эркан, қачон», «Халқ», «Замон» ва б. шеърларида миллат тақдири ва келажагини янгича талқин этади. Айрим шеърлари ўша давр вақтли матбуоти («Ойина», «Вақт», «Мулла Насриддин» ва б.)да босилган. 2 девони («Саодат ул-иқбол», «Девони Аваз») ва қатор баёзларга киритилган ғазаллари етиб келган. Девонларининг қўлёзма нусхалари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида (инв. № 942, 7102, 3451) сақланади. Республикада мактаблар, кўча ва хиёбонларга Аваз Ўтар номи берилган. Хивада уй-музейи ташкил этилган, ҳайкали ўрнатилган. У ҳақда бадиий асарлар яратилган (Э. Самандар «Эрк садоси» достони, А. Бобожон «Faзал фожиаси» драмаси, С. Сиёев «Бир чора замон истаб» қиссаси ва б.).

Ас: Танланган асарлар, Т., 1956; Девон, Т., 1976; Сайланма, Т., 1984.

Ад.: Юсупов Ю., Аваз, Т., 1954; Айёмий, Ўт чақнаган сатрлар, Т., 1983; Қобулов Н., Ҳаққулов И., Мўминов а В., Аваз ва унинг адабий муҳити, Т., 1987.