АВЕРРОИЗМ — араб мутафаккири Ибн Рушд (лот. Аверроэс) ва унинг тарафдорларининг фалсафий таълимоти. Аверроизм вакиллари ўрта аср ва илк Уйғониш даврида Аристотель, Форобий, Абу Али ибн Сино фалсафасининг илғор томонларини ривожлантирди. Аверроизм мусулмон ақидачилиги ва католицизм фалсафасига қарши чиқиб, араб халифалигида ва Ғарбий Европа мамлакатларида схоластикага қарши кураш олиб боришда қўл келди. Дунёнинг абадийлиги, унинг ҳеч ким томонидан яратилмаганлиги ҳақидаги ғоялари, шунингдек билимни эътиқодга, фалсафани илоҳиётга қарши қўйганлиги сабабли Аверроизм руҳонийларнинг ғазабига дучор бўлди. Ибн Рушд Форобий ва Ибн Сино фикрларини янада тараққий эттириб, «Икки тур ҳақиқат» таълимотига асос солди. Бу таълимотга кўра, «фалсафий ҳақиқат» ва «линий ҳақиқат» мустақил равишда мавжуд бўлиб, улар турли соҳаларда етакчилик қилади, хусусан илм-фанда «фалсафий ҳақиқат»га риоя этиш зарур. Бу таълимот фалсафани, илмни мустақил тараққий эттиришда катта аҳамиятга эга бўлди. Ибн Рушд асарлари лотин тилига таржима қилинганлиги туфайли А. Ғарбий Европа мамлакатларига кенг ёйилди. Хусусан 13 – а. да Париж унверситетида Аверроизмнинг таъсири кучли эди. 14—16-а. ларда А. Шим. Италия, Францияда кенг тарқалди. Аверроизм католик черкови томонидан кескин қораланди, унинг тарафдорлари қувғин ва таъқиб қилинди (яна қ. Ибн Рушд).