АВГУСТ

АВГУСТ (мил. ав. 27 й. гача исми Октавиан бўлган) (мил. ав. 63 — мил.. 14) — Рим императори (мил. ав. 27 — мил. 14), Юлий Цезарнинг набира жияни, васиятига кўра ўғил қилиб олинган. Август ҳуқуқи чекланмаган ҳоким бўлиб олгач, сенат унга август (худолар томонидан шарафланган) деган фахрий унвон берган. Цезарнинг ўлимидан сўнг бошланган фуқаролар уруши (мил. ав. 43 — 31) ни Акций ёнидаги жангда Рим саркардаси Марк Антоний ва Миср маликаси Клеопатра устидан ғалаба қозониш билан якунлаган. Август принципат («princeps» — сенат қатнашчиси) деб аталувчи сиёсий режимга асос солган. Бу давлат тузуми республика шаклидаги монархияга ўхшайди. Унда илгаригидек, сенат ва республика лавозимлари сақланиб қолган. Aммo бутун ҳокимият Август қўл остига ўтган. Халқ мажлисининг таъсири тугаган. Август мамлакатнинг йирик қулдорлари ва Рим армиясига таяниб иш кўрган. А. ўз ташқи сиёсатида ғарбга нисбатан босқинчилик сиёсати юргизган бўлса, шарққа нисбатан дипломатик музоқаралар ёрдамида Рим давлатининг ҳокимлигини ёйишга интилди. Кейинчалик «август» императорлар унвонини англатувчи терминга айланган.