АВГУСТИН

АВГУСТИН Аврелий, Авлиё Августин (Augustinus Sanctus) (354, Тагаст ш., Шим. Африка — 430, Гиппон ш., Шим.

Африка) — христиан дини илоҳиётчиси, «черков оталари»дан, адиб, файласуф. Католицизм ақидаларининг шаклланишига таъсир кўрсатган. Гиппон ш. ускуфи (епископи) мартабасига эришган. Диний-фалсафий руҳдаги қатор ваъз ва рисолалари сақланиб қолган. Улардан машҳурлари:

1) «Тавба» (400 й.);

2) «Илоҳий шаҳар ҳақида» (413-427й. лар; 22 китобдан иборат). «Илоҳий шаҳар ҳақида» асарининг ёзилишига Рим империяси пойтахти готлар томонидан босиб олиниб, вайрон қилиниши туртки бўлди. Асарда бу вайронгарчилик римликлар асрлар мобайнида ўзга халқларга нисбатан ўтказган босқинчилик ва зуравонлик сиёсати учун худо томонидан юборилган жазо сифатида талқин қилинади. Асарнинг 10 та китоби Рим тарихига, 12 та китоби инсонлар жамияти ва давлатнинг моҳиятига бағишланган. Августин дунёни икки салтанатга бўлади:

1) «замин шаҳри» — ёвузлик, зўравонлик ва шайтон салтанати; 2)»илоҳий шаҳар» — эзгулик ва раҳмон салтанати. Биринчиси — инсон худбинлиги асосига қурилган ва илоҳийликни рад этади, иккинчиси — илоҳий меҳр асосига қурилган бўлиб, инсоннинг моддий эҳтиёжлардан юз ўгиришини тақозо қилади. Августин таълимотига кўра, «илоҳий шаҳар» нинг ер юзидаги тимсоли масиҳий черковидир, унга самовий черковга тайёргарлик воситаси сифатида қаралмоғи лозим. Августин қадимги юнон мушриклик даври қадриятларини масиҳийлик нуқтаи назаридан кескин танқид қилади, инсон ўз иродаси билан эзгуликка эриша олмайди, инсон гуноҳлардан фақат худонинг инояти ва черков туфайли фориғ бўлади, деб ҳисоблайди. Августин фикрига кўра, «ягона тангри барча гўзалликнинг ҳақиқати ва энг олий гўзаллиқдир». А. «эътиқодсиз билим ҳам, ҳақиқат ҳам йўқ», деб ҳисоблади. Августин таълимоти Европада деярли минг йил давомида илмфаннинг черковга тобе ҳолда қолишига муайян даражада назарий замин бўлди ва черков ҳокимиятининг қудратли кучга айланишига кўмаклашди.