АВИАДЕСАНТ ТАНКИ — ҳарбий десант қўшинлари таркибида турли мақсадларда фойдаланиладиган, бутунлай зирхланган, ихчам, ҳар қандай шароитда юришга мўлжалланган жанговар машина (енгил танк). Оғирлиги 7—8 т. Десант тушириладиган жойга Авиадесант танки самолёт ёки вертолётда етказилади ва ерга парашютда туширилади ёки самолёт (вертолёт) аэродром ёки қўниш майдонига қўнгандан сўнг ерга туширилади. Замонавий Авиадесант танки бемалол айлана оладиган минорага ўрнатилган турли замбарак ва пулемётлар билан таъминланган. У душманнинг пўлат зирхли турли хил ўт очиш воситаларига ва жонли кучига зарба бера олади. Авиадесант танки 2-Жаҳон урушида қўлланилган ва ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.