АВИАМОДЕЛЧИЛИК

АВИАМОДЕЛЧИЛИК (авиа… ва лот modulis — ўлчов) — учиш аппарати моделларини ясаш ва учириш. Авиамоделчилик ёшлар техник ижоди турларидан бири. Учмайдиган (геометрик шакли ўхшатиладиган тарихий ёки замонавий самолёт нусхаси) ва учадиган моделлар билан шуғулланадиган хиллари бор. Учадиган модель учиш тарзи, ўлчами, двигателининг турига қараб эркин учадиган, кордли ва радио билан бошқариладиган турларга бўлинади. Эркин учадиган моделлар планерлар, резина моторли, таймерли хилларга бўлинади. Планер модели моторсиз учиш аппарати бўлиб, ҳаво оқимида варракка ўхшаш учирилади. Резина моторли моделларда тортиш кучини ҳаво винти (паррак) вужудга келтиради. Парракни резина мотор ҳаракатлантиради. Таймерли моделнинг учишини махсус механизм — таймер чеклайди. Кордли моделларни моделчи-учирувчи корд иплари ёрдамида бошқариб учиради. Радио билан бошқариладиган моделлар бортига ўрнатилган радиоаппаратурага ердан юбориладиган сигналлар ёрдамида бошқарилади. Ўзбекистонда Авиамоделчилик спорти, айниқса, 20-а. ўрталаридан ривожланди. Мактаб, болалар уйи, ўқувчилар саройи, клубларда Авиамоделчилик тўгараклари бор. Шаҳар ва туман аэроклубларида, ёш техниклар ст-яларида Авиамоделчилик кабинетлари ташкил қилинган.