АВИАЦИЯ АСБОБЛАРИ

АВИАЦИЯ АСБОБЛАРИ — самолётдаги назорат-ўлчов ишларини бажаришда ишлатиладиган жиҳозлар. Учувчи, штурман, борт муҳандиси (техниги) кабиналарида ўрнатилади. Вазифаси жиҳатидан уч гуруҳга бўлинади. Биринчи гуруҳга двигатель асбоблари, иккинчи гуруҳга пилотаж-навигация асбоблари, учинчи гуруҳга эса ёрдамчи асбоблар киради. Тахометр, термометр, мано-вакуумметр, газоанализатор (альфаметр), бензин ўлчагич, мой ўлчагичлар биринчи гуруҳни; компас, ҳаво тезлиги кўрсаткичи, баландлик ўлчагич, соат, вертикал тезлик кўрсаткичи (вариометр), бурилиш кўрсаткичи, сирғаниш кўрсаткичи ва авиагоризонт иккинчи гуруҳни; тезланиш кўрсаткичи (акселерометр), шасси ва-зияти кўрсаткичи, автопилот, автоштурман ва б. учинчи гуруҳни ташкил этади. Учинчи гуруҳ Авиация асбоблари баъзи самолётларда бўлмаслиги ҳам мумкин. Учувчи биринчи гуруҳ Авиация асбоблари кўрсатишларига қараб самолёт двигателлари ишини бошқаради ва двигатель ишидаги нуқсонларни ўз вақтида билиб олади. Самолётдаги Авиация асбоблари сони ва хили шу самолётнинг тури ҳамда вазифасига боғлиқ. Кўп двигателли ҳоз. самолётларда 60 га яқин Авиация асбоблари бўлади. Ҳоз. кунда Авиация асбоблари тизими ва унинг барча жиҳозлари (жумладан ЭҲМ орқали бошқариладиган дастур воситалари) авионика сўзи билан ифодаланади.

Prev Article

АВИАБАНК

Next Article

АВЛАКОГЕН