АВИАЦИЯ ТИББИЁТИ — авиацияга оид тиббий масалалар билан шуғулланувчи фан соҳаси. Вазифаси: кишиларниш авиация хизматига лаёқатлилигини текшириш, учувчиларни учишдан олдин тиббий кўрикдан, турли синов-машқлардан ўтказиш, самолётларнинг одам организмига физиологик ва гигиеник нуқтаи назардан қулайлигини муҳандислар билан бирга текшириш, бахтсиз ҳодисалар юз берганда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда учувчиларни психологик томондан чиниқтириш ва б. Учиш вақтида метеорология шароити ва т-ранинг ўзгариши, кислород парциал босимининг пасайиши, барометрик босимнинг бир пасайиб, бир кўтарилиб туриши, нурлар, космик радиация ва б. омиллар (шовқин, вибрация ва ҳ. к.) учувчи организмига таъсир кўрсатади. Бу жиҳатдан учувчи меҳнати бошқа касб эгалариникидан катта фарқ қилади. Авиация тиббиёти асосан, самолётда учадиган ходимларнинг меҳнат қилиши, дам олиши, ухлаши ва овкатланиши учун энг қулай шароитни ўрганади, авария-қутқарув воситаларининг физиологикгигиеник асосларини ишлаб чиқади. У авиация гигиенаси, авиация физиологияси, авиация психологияси ва учувчиларнинг иш қобилиятини аниқлаш каби бўлимлардан иборат.