АВИАЦИЯ

АВИАЦИЯ (франц. aviation, лот. avis — қуш) — ҳаводан оғир учиш аппаратларида ер атрофидаги ҳаво бўшлиғи (атмосфера)да парвоз қилиш билан боғлиқ тушунча. А. да самолётлар, вертолётлар, планерлар ишлатилади. Шу аппаратлардан парвоз қилиш (учиш) учун фойдаланадиган ташкилот (хизмат) ҳам Авиация деб аталади. Авиация фуқаро А ва ҳарбий Авиацияга бўлинади. Фуқаро Авиацияси йўловчилар ва юкларни ташишда ишлатилади. Унинг транспорт, санитария хизматига, ўқувспорт ва махсус ишларга мўлжалланган (қ. х. да, алоқада, геология-қидирув ишларида, балиқ овлаш ва б. да ишлатиладиган) хиллари бор. Йўловчилар ва юкларни доимо ташишни таъминлаш учун фуқаро Авиацияси таркибига самолётлар ва вертолётлар саройи, учишни таъминлайдиган турли хизматлар, аэродром ва аэропорт киради. Ҳарбий Авиация эса қурукликдаги қўшинлар, ҳарбий-денгиз кучлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа қилиш қўшинлари б-н биргаликда ҳаракат қилади ҳамда мустақил вазифаларни бажаради.

Фуқаро Авиация соҳасида Леонардо да Винчи ҳаводан оғир аппаратларда учиш мумкинлигини биринчи бўлиб асослашга уринди. У қушларнинг учишини кузатиб, ҳаводан оғир аппаратларда учиш мумкинлиги тўғрисидаги ғояни илгари сурди. М. В. Ломоносов жаҳонда биринчи бўлиб вертолёт моделини яратди: двигатель вазифасини ўтовчи пружина таъсирида винтлар айланганда модель юқорига кўтарилди. Д. И. Менделеев ҳаётининг охиригача аэродинамика ва Авиация масалалари билан шуғулланди. У 1887 й. аэростатда мустақил учиб, 3350 м баландга кўтарилди. А. Г. Эйфел вертолёт винтларининг кўтариш кучини ўрганишга оид тажрибалар ўтказди. Авиация Лодигин учиш аппаратларига электр двигателлари ўрнатиш ғоясини илгари сурди. Авиация Можайский бир неча самолёт моделини қурди, бу моделларни синовдан ўтказиб, 1881 й. самолёти учун патент олди. А. Ф. Можайский ўз самолётига қуввати 30 (каттасиники 20 ва кичигиники 10) о. к. га тенг бўлган иккита буғ двигатели ўрнатди. Бу самолёт моноплан типида бўлган. 19-а. 90-й. ларида рус ихтирочиси В. В. Котов планерларнинг баъзи моделларини ишлаб чиқди. 1894 й. да К. Э. Циолковскийнинг «Аэроплан», яъни «қуш нусха учиш машинаси» деган асари босилиб чиқди. Циолковский бу асарида суйри шаклли моноплан лойиҳасини, унинг учиш назарияси ва ҳисобини берди. 1892 й. да инглиз конструктори Филиппе аэроплани бир неча секундгина ҳавога кўтарилди. 1898 й. да муҳандис Хирам Максимнинг самолёти синаб кўрилди, аммо бу самолёт ҳавога сал кўтарилгач, ерга қулади.

Америка проф. Ленгли бензин билан ишлайдиган, қуввати 50 о. к. га тенг мотор ўрнатилган самолёт қурди, бу самолёт катапульта ёрдамида учириб синалаётганда ҳавога кўтарилди-ю, шу заҳоти ағдарилиб тушди. Француз конструктори Клеман Адер кўршапалак шаклидаги учиш аппарати («Авион»)ни қурди (1897), у 300 м учиб бориб, ерга ағдарилди. Немис муҳандиси Отто Лилиенталь 1891—96 й. ларда ўзи лойиҳалаган планерларда жуда кўп марта учди ва 1896 й. 9 авг. да 20 м баландликдан планерда ерга қулаб, ҳалок бўлди.

Райтлар планерда учишни ўрганиб олганларидан кейин самолёт қурдилар. Орвиль Райт бу самолётда 1903 й. учиб кўрди. Бу самолётга қуввати 16 о. к. га тенг двигатель ўрнатилган эди. Биринчи учишда самолёт 32 м гача парвоз қилди, учиш 3,5 сек. давом этди. Авиациянинг ривожланишида Н. Е. Жуковский ва С. А. Чаплигин асарлари муҳим роль ўйнади: Жуковский самолёт қанотларига таъсир қилувчи кучлар ҳисобини берди, бир қанча қанот шаклларини яратди ва уларни синовдан ўтказиш усулларини кўрсатди, Чаплигин катта тезликлар аэродинамикасига асос солди.

Авиация 20-а. бошидан тез суръатлар б-н ривожлана бошлади, 1908 й. учиш узоқ,лиги бўйича қўйилган рекорд 2 соат 18 мин. ни, 1912 й. 13 соат 17 мин. ни, тез учиш рекорди эса 1909 й. 80 км/соатни, 1912 й. 170 км/соатни ташкил этди. Самолётда 1909 й. атиги 510 м баландда училган бўлса, 1913 й. 5610 м баландда училди. 1909 й. да француз конструкторучувчиси Л. Блерио «Блерио-XI» номли самолётида Ламанш бўғози орқали Франциядан Англияга учиб ўтди. Шу йили бир қанча мамлакатларда дастлабки Авиация з-длари қурилди. Акад. Б. Н. Юрьев 1910 й. бир винтли вертолёт лойиҳасини тузди ва шу лойиҳа асосида вертолёт қурди (1912). Москвада ташкил этилган халқаро кўргазмада вертолёт учун Юрьев олтин медаль билан мукофотланди.

Рус муҳандиси Я. М. Гаккель 1910 й. қўш қанотли самолёт қурди. 1911 й. кўп юк кўтара оладиган ва узоқ, масофага қўнмай уча оладиган самолёт лойиҳаланиб, синаб кўрилди. Шу йили рус ихтирочиси И. И. Сикорский 4 моторли «Илья Муромец» самолётини қурди. 1914 й. АҚШда «Кертисс» самолёти, 1915 й. Германияда «Сименц Шуккер» самолёти қурилди. 1914 й. рус конструктори В. А. Слесарёв «Святогор» самолёти лойиҳасини тузди, бу самолёт икки моторли, қўш қанотли эди. Рус конструктори Д. П. Григоровичнинг М-5 (1915) ва М-9 (1916) маркали учар қайиқлари ўша даврда энг яхши гидросамолёт ҳисобланган. Авиация техникасининг ривожланиши билан бир қаторда дунё олимлари аэродинамика ва самолётнинг мустаҳкамлиги соҳасида назарий изланишлар ва тажрибалар ўтказдилар, самолёт ва ҳаво винти назарияси, самолётларнинг тезлиги ва учиш баландлиги устида ишладилар.

20-й. лар бошларида Авиация саноатида металл конструкцияли самолётлар қурилиши тез ривожлана бошлади. Авиация Туполев 1923 й. АНТ-1, сўнгра икки ўринли АНТ-2 самолётини яратди. Туполев раҳбарлигида лойиҳаланган АНТ-3 («Пролетарий») самолётида 1926 й. учувчи М. М. Громов Европани айланиб учиб ўтди. Американинг «Райан» фирмасида тайерланган самолетда 1927 й. да учувчи Ч. Линдберг биринчи марта АҚШдан Атлантика океани орқали Европага учиб ўтди. 1928 й. да «Бремен» W-33 (Германия) самолётида биринчи марта Европадан Атлантика океани орқали Шимолий Америкага учиб ўтди. Американинг «Дуглас» фирмаси тайёрлаган ДС-3 ва С-47 самолётларидан кўп йиллар давомида дунёнинг кўпгина мамлакатларида фойдаланилди. Туполев раҳбарлигида лойиҳаланган АНТ-4 (ТБ-1) самолётида 1929 й. учувчи С. А. Шестаков Москвадан кўтарилиб, Сибирь, Тинч океан орқали 20000 км парвоз қилиб, НьюЙоркка қўнди. 1928 й. АНТ-9, кейин АНТ-25 (РД) самолётлари яратилди.

1937 й. 18—20 июнда учувчилар В. П. Чкалов, Г. Ф. Байдуков ва штурман А. Б. Беляковлар АНТ-25 самолётида Москва—Шимолий қутб—Ванкувер (АҚШ) маршрути бўйича 8504 км масофани 63 соату 16 мин. да қўнмай учиб ўтишди. 30-й. лардан бошлаб бипланлан монопланга ўтилди. Бу эса аэродинамика, қурилиш механикаси ва двигатель қурилишидаги ютуқларга боғлиқ эди. Мустаҳкамликка ҳисоблашнинг аниқ усуллари яратилди. Самолётлар ғилдиракларини тормозлашни ишлаб чиқиш ҳамда қанотни механизациялаш қанотларга тушадиган кучларни оширишга имкон берди ва шу билан учиш тезлиги оширилди. 1915 й. да «Фоккер» (Германия) самолёти учиш тезлиги 150 км/соат, учиш баландлиги 5000 м бўлган бўлса, 1920 й. да бу кўрсаткич «Фоккер» D-VII, «Фоккер» D-VIII (Германия), «Балилла» А-1, «Ансальдо» СВА-10 (Италия) да 200 км/соат, 7000 м га, 1940 й. да эса Хаукер «Харрикейн», «Спит-файер», Мк-1 (Англия), «Брустен» F2A-1, «Кертисс» Р-36А, «Boum» V-150 (АҚШ) самолётларида 660 км/соат, 12000 м га етди. Шу билан бирга самолётларнинг учиш узоқлиги ҳам ортиб борди. 1915 й. да бу кўрсаткич 400 км бўлган бўлса, 1940 й. га келиб 4000 км га етди. Сериялаб ишлаб чиқариладиган двигателларнинг қуввати 700 о. к. дан 2000 о. к. гача етказилди. Россия, Англия, Германия, Италия ва АҚШ да реактив двигатель яратиш борасида қизғин иш олиб борилди. 1943—50-й. ларда Англиянинг Де Хэвилленд ва Комитем Брабазен авиация фирмаси 40 йўловчига мўлжалланган «Комет-1» реактив самолётини ишлаб чиқди ва синовдан ўтказди. Унинг учиш тезлиги 800 км/соат, учиш баландлиги 12 км, учиш узоқлиги 1650 км. 1952 й. да унинг «Комет-2», «Комет-ЗВ» ва «Комет-4» замонавийлаштирилган моделлари ишлаб чиқарила бошланди. 1955 й. А. Н. Туполев раҳбарлигида ТУ-104 реактив самолёти қурилди. Бу самолёт соатига 800 км тезлик билан 8000—10000 м баландликда 3000 км масофани қўнмай учиб ўта олган.

1958 й. да АҚШ да биринчи «Боинг-707-120» реактив самолёти қурилди. 120 йўловчига мўлжалланган бу самолётнинг учиш тезлиги 845 км/соат, учиш баландлиги 11 км, учиш узоқлиги 6000 км. 1959 й. да Францияда «Каравелла» самолёти қурилди. Реактив йўловчи самолётларнинг тежамсизлиги туфайли турбовинтли двигатель (ТВД) ўрнатилган самолётлар ишлаб чиқаришга ўтилди. 1952 й. да инглиз конструкторлари ана шундай конструкцияли «Бристол-175» («Британия») самолётини яратдилар (63—79 ўриндиқли, тўрт двигателли, учиш тезлиги 570 км/соат, учиш узоқлиги 8600 км бўлган). 1957 й. турбовинтли ИЛ-18 самолёти қурилди. 1956 й. О. К. Антонов раҳбарлигида 2 та турбовинтли двигатель ўрнатилган 40 ўринли АН-24 самолёти, шундан кейин 4 та турбовинтли двигатель ўрнатилган 84 ўринли АН-10 самолёти қурилди. Кейинчалик 1959 й. да «Электра» (АҚШ) самолёти ишлаб чикарила бошланди. Сўнгра С. В. Ильюшиннинг 186 ўринли ИЛ-62 йўловчи самолёти, 350 ўринли ИЛ-86 аэробуси яратилди. Рус ихтирочиси И. П. Братухин иккита двигатель ўрнатилган «Омега» вертолётини ва икки моторли Б-11 вертолётини курди. 1961 й. турбовинтли В-2 ҳамда В-8, В-12 вертолётлари қурилди.

1966 й. да Франция, Германия, Англия, Нидерландия ва Испаниядаги авиация фирмалари биргаликда Европада янги Эйрбас Индастри концернини тузди. Шу йили АКШ даги Локхид, Боинг, Дуглас фирмалари ва Эйрбас Индастри концерни кенг фюзеляжли самолётлар — аэробуслар яратишга киришди. Шундан сўнг АҚШ даги фирмалар L-1011 «Тристер», «Боинг-747» ва DC-10 аэробусларини, Эйрбас Индастри концерни эса А-300 самолётлари ни кўплаб ишлаб чиқара бошлади. 500 йўловчига мўлжалланган «Боинг-747» самолётининг учиш тезлиги 935 км/соат, учиш узоқлиги 10000 км дан ортиқ. Кейинги йилларда бу самолётнинг бир неча замонавийлаштирилган моделлари ишлаб чиқарилди: 500 йўловчига мўлжалланган «Боинг-747-100», 516 йўловчига мўлжалланган «Боинг-747200В», 670 йўловчига мўлжалланган «Боинг-747SR» ва б. А-300 самолётлари 280—345 йўловчига мўлжалланган икки двигателли, учиш тезлиги 917 км/соат, учиш узоқлиги 2600—3900 км.

1983 й. да бу самолётнинг кейинги авлодларидан А-300—600 уча бошлади. Кейинчалик «Боинг-747» аэробуси билан рақобатлашадиган А-310, А-320, А-330, А-321, А-340 ва б. ишлаб чиқарилди.

Кўп мамлакатларда 1960 й. охиридан бошлаб товушдан тезучар самолётлар яратиш устида қизғин иш олиб борилмоқда. Россияда Ту-144, Англия ва Францияда «Конкорд», самолётлари яратилди. Булар соатига 2500—3000 км тезлик билан бир неча минг км масофага қўнмай уча олади. Ҳарбий самолётлар 30 км баландликда 10000 км масофага қўнмай учади.

Ҳарбий А. Қадимда Хитой ва б. баъзи мамлакатларда ҳарбий мақсадларда варракдан фойдаланилган. Ҳарбий Авиация ҳар қайси мамлакатда турли вақтларда пайдо бўлган. 1910 й. Францияда биринчи марта самолётлар манёврда иштирок этиб, разведка вазифаларини бажарди. 1911 — 12 й. ларда Триполитания жангида (Италия билан Туркия ўртасида бўлган урушда) ҳарбий Авиация биринчи синовдан ўтди. 1913 й. Болқон урушида ҳам Авиациядан фойдаланилди. 1913 й. «Илья Муромец» самолётига 4 та пулемёт ва бомба ташлаш учун махсус асбоблар ўрнатилди. Ўша йили бомба ташлаш тажрибаси асосида янги аэробаллистика фанига асос солинди. 1-жаҳон уруши бошланганида Россиянинг ҳарбий авиациясида 263 та, Германияда 232 та, Францияда 156 та, Австрия-Венгрияда 65 та, Англияда 30 та, АҚШ да 30 та, Италияда 30 та самолёт бўлган. l-жаҳон уруши пайтида қирувчи самолётлар яратилди. Қирувчи самолетларнинг учиш тезлиги разведка самолётлариникидан юқори бўлган. 1915 й. махсус бомбардимончи самолётлар ихтиро қилинади. Худди ўша пайтларда денгиз самолётлари ҳам пайдо бўлди, улар денгизда разведка қилиш, душман кемаларига, объектларга бомба ташлаш вазифасини бажарди. Ўз устида 5—7 та самолётни олиб юра оладиган авианосецлар пайдо бўлди. 1-жаҳон урушидан кейин Авиация алоҳида ва мустақил қўшин тури бўлиб қолди. 1-ва 2-жаҳон урушлари ўртасида Авиация соҳасида катта силжиш бўлди. 1920 й. Россияда қуввати 200 о. к. га тенг двигателли самолёт ишлаб чиқарилди. 30-й. лар бошида А. Н. Туполев ТБ-1 ҳамда ТБ-3 маркали оғир бомбардимончи самолётларни, 1935 й. узун қанотли бир моторли ЦАГИ-25 самолётини яратди. Бу самолётда Москвадан Шим. қутб орқали Америкага қўнмасдан учиб ўтилди. С. В. Ильюшин икки моторли бомбардимончи РБ-3 самолётини, Авиация Яковлев энг енгил ва тез учадиган қирувчи ЯК-1 самолётини яратди. Уруш йилларида Яковлев яна бошқа кўплаб қирувчи самолётларни ихтиро қилди. 1940 й. А. И. Микоян билан Н. Г. Гуревич 7—8 км баландликда 600 км тезлик билан учадиган МИГ-3 самолётини ишлаб чиқдилар. В. М. Петляков узоққа уча оладиган бомбардимончи самолёт яратди. 2-жаҳон урушида Англияда «Тайфун», «Москито», «Ланкестер», «Галифакс» номли янги бомбардимончи самолётлар ишлаб чиқара бошланди, АҚШ да тўрт моторли, ўта тезучар қалъа Б-29, «Эйркобра», «Боинг-17» бомбардимончи самолётлари яратилди. 1940—42 й. ларда биринчи реактив двигателли самолёт «Компини-Капрони», КК-1, КК-2 (Италия), «Глостер» (Англия), «Эркомет» (АҚШ)лар учди. 1942 й. да турбореактив двигателли Ме-262, Ме-263 (Германия), «Метеор» (Англия) самолётлари ишлаб чиқарила бошланди. 1945 й. да «Глостер Метеор-VI» самолётида учиш тезлиги бўйича жаҳон рекорди ўрнатилди (969,9 км/соат), 1947—48 й. ларда собиқ Иттифоқда Ла-15 ва МиГ15 реактив самолётлари, ЯК-23 реактивқирувчи, ИЛ-28 ва Ту-14 бомбардимончи самолётлар яратилди. 50—60-й. ларда аэродинамика фанидаги ютуқлар, юқори қувватли двигателларнинг яратилиши «товуш тезлиги»дан тез учадиган самолётларни яратишга имкон берди. Улар бошқариладиган ракеталар билан қуроллантирилди. Ядро қуроли ва турли ракеталар билан қуролланган қирувчи самолётлар, разведкачи, бомбардимончи, транспорт самолётлари реактив ҳамда турбовинтли моторлар билан таъминланди. 80—90-й. ларда Миг, Як, Су маркали самолетларнинг турли замонавийлаштирилган моделлари, АҚШда «Фантом» F-4, F-111, SR-71, Францияда «МиражIII», «Мираж-IV», Англияда «Харриер» самолётлари ишлаб чиқарила бошланди. Қуролли кучлар ихтиёрида бўлган Авиация ўз вазифасига кўра жанговар ҳарбийденгиз, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ҳамда транспорт Авиация ларига, ҳарбий самолётлар ўз тактик-техник кўрсаткичлари жиҳатидан оғир стратегик, ўрта стратегик, енгил тактик бомбардимончи, қирувчи, разведкачи, ҳавода самолетларнинг бензин олишига имкон берадиган самолётлар ва транспорт самолётларига бўлинади.

Ўзбекистон ҳам самолётсозлик ривожланган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда самолётлар ишлаб чиқариш 40-й. лар бошига тўғри келади. 1941 й. Химки ш. (Москва вилояти)дан Тошкентга кўчириб келтирилган В. П. Чкалов номидаги авиация з-ди негизида барпо қилинган Тошкент авиация з-ди (1996 й. дан «Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси» давлат акциядорлик жамияти)да дастлаб жанговар самолётлар тайёрланган. Урушдан кейинги йилларда ИЛ-14, 1958 й. дан транспорт самолётлари АН-10, АН-8, АН-12, 1966 й. дан АН-22 «Антей» самолётлари, 1973 й. да 40 т юк кўтарадиган биринчи суперлайнер Ил-76 ишлаб чиқарилди. Ил-76 само-лётнинг учиш тезлиги 850 км/соат, учиш баландлиги 12,1 км, учиш узоқлиги 8 минг км. 90-й. ларда з-днинг асосий маҳсулоти ИЛ-76 МФ транспорт самолётлари бўлди. 1992 й. да бирлашма ўзининг биринчи янги Ил-114 самолётини қурди. 1995 й. бу самолёт Жуковский ш. да ўтказилган кўргазмага қўйилди. 1997 й. да авг. да Давлатлараро авиация қўмитасининг Авиарегистри томонидан Ил-114 самолётига учишга яроқли деган сертификат берилди. Бу самолёт (64 ўринли, икки двигателли) С. В. Ильюшин номидаги конструкторлик бюросида яратилган бўлиб, экологик жиҳатдан тоза, шовқинсиз, тежамли, қулайлиги билан ажралиб туради; енгил бошқарилади, бетонли ва грунтли йўлкадан учиб чиқади ва қўнади. Унинг максимал тезлиги 530 км/соат, учиш баландлиги 7800 м, учиш узоқлиги 1000 км. Двигатели Россия ва Канада мамлакатларида ишлаб чиқарилади. 1997 й. да С. Ильюшин номидаги авиация компанияси (Россия) Ил114 самолётини и. ч. ва Ил-76 МФ самолётини таъмирлаш ҳуқуқини берадиган халқаро сертификатларни Тошкент авиасозларига топширди.

Ад.: Виноградов Р. И., Пономарев Авиация, Развитие самолётов мира, М., 1991; Рузметов Авиация, Крылья независимого Узбекистана, Т., 1999.

Зоир Шамсиев.

Loading...