АВИТАМИНОЗ

АВИТАМИНОЗ (юн. а — инкор қўшимчаси ва витаминлар) — организмда витаминлар етишмаслиги натижасида пайдо бўладиган касаллик. Мас, витамин С етишмаслиги лавша (цинга), витамин В, етишмаслиги бери-бери, витамин D етишмаслиги рахит, витамин РР етишмаслиги пеллагра касаллигига сабаб бўлади. Ҳомиладорликда, кўпинча туққандан кейин рўй берадиган чиллашир касаллиги ҳам Авитаминоз натижасидир. Битта витамин етишмаса, моно А., куп витамин етишмаса, поли Авитаминоз келиб чиқади. Биринчи марта 1880 й. да рус врачи Н. И. Лунин А. ни тажриба йўли б-н ҳосил қилган. Авитаминознинг олдини олиш учун витаминга бой сабзавот ва меваларни кўпроқ истеъмол қилиш, витаминли масаллиқларни яхши сақлаш, овқат пиширганда витаминларнинг парчаланиб кетишига йўл қўймаслик керак. Давоси: витаминга бой таомлар буюрилади ёки организмда қайси витамин етишмаса, ўша витамин препаратлари берилади.

Авитаминоз ҳайвонларда ҳам учрайди. Бундай ҳайвон кўпинча қисир қолади ёки бола ташлайди. Янги туғилган боласи яхши ўсмайди, ҳатто тез кунда нобуд бўлади. Касалликнинг олдини олиш учун ҳайвонларни, айниқса ёш ҳайвон ва паррандаларни сервитамин озуқалар билан боқиш керак.