АВИТЕЛЛИНОЗЛАР

АВИТЕЛЛИНОЗЛАР (Avitellinoses) — авителлина уруғига мансуб тасмасимон чувалчанглар келтириб чиқарадиган касалликлар гуруҳи. Авителлинозлар қўйлар (айниқса қўзилар) ва туялар орасида учрайди. Ўрта Осиёда, жумладан Ўзбекистоннинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида, Қорақалпоғистонда тарқалган. Чорва молларининг Авителлинозлар билан зарарланиши ва қирилиши баҳор ҳамда куз фаслларида айниқса кучаяди. Авителлинозлар билан зарарланган молларда касаллик аломатлари тўсатдан пайдо бўлади. Ҳайвон гандираклайди, бошини орқага ташлайди, томири тортишади, тишини ғижирлатади, баъзан ичи кетади. Авителлинозлар борлиги шубҳа қилинган хўжаликларда ҳайвонлар ветеринария ходимлари кўрсатмасига мувофиқ дегельминтизация қилинади.