АВЖ (араб. — чўққи, баланд) — 1) Ўн икки мақом мажмуасидаги маълум шўъба номи.
2) Мусиқа асарининг юқори пардалардаги чўққиси, кульминация доираси, яъни мусиқа асарининг энг баланд регистрдаги давомли куй тузилмаси. Мақомларнинг чолғу ва ай-ниқса айтим бўлимлари, ашула, катта ашула, сувора ва йирик шаклли чолғу куйлардан кенг ўрин олган. Авж ларнинг асосий турлари — кичик Авж, урта Авж, катта (ёки юқори) Авж деб юритилади. Шўъбаларнинг миёнхат тузилмасини кичик Авжга, дунасрни — ўрта Авжга ва намудларни — катта Авжга қиёслаш мумкин. Авжлар мусиқа асарлари баёни ва ривожида шакллантирувчи ва ифода-ловчи аҳамиятга эга. Ашулалардаги шеър мазмуни, фикр ва ҳистуйғуларнинг таъсир кучини мусиқий воситалар ёрдамида теранлаштиради. Авж ишлатиш анъанаси ўзбек ва умуман Шарқ бастакорлик санъатида, шунингдек ҳофизлар ва созандаларнинг ижрочилик маҳорати туфайли мукаммаллашиб маълум табиий қонуният сифатида вужудга келган. Шашмақом шўъбаларининг катта Авжи ўндан ортиқ намуд ва икки Авж (Зебо пари ва Турк)нинг турли бирикмаларидан тузилади. Зебо пари ва Турк Авж ларини қўллашда намудлардаги каби муайян ижодий эркинлик мавжуд.