АВЛОНИЙ

АВЛОНИЙ, Абдулла Авлоний (1878.12.7 – Тошкент – 1934.24.8) – маърифатпарвар, журналист, давлат ва жамоат арбоби. Тўқувчи оиласида туғилган. Мактабхона ва мадрасада ўқиган (1885— 95). 1906 й. дан шеърлари билан матбуотда қатнаша бошлаган. Араб, форс, рус тилларини ўрганиб, бу тилларда ижод қилган мутафак-кирларнинг асарларини ўқиган, баъзилари (мас, Л. Толстой, К. Д. Ушинский асарлари)ни ўзбек тилига таржима қилган. 1906 й. «Тараққий», 1907 й. ўз уйида (Тошкентда) «Шуҳрат» газ. ларини чиқарган. Бу газ. лар ёпиб қўйилгач, 1908 й. яширин равишда «Осиё» газ. ни нашр этди. 6-сонидан сўнг ҳукумат бу газ. ни ҳам тақиқлаб қўйган. Шундан сўнг Авлоний илғор ғояларни мактаб орқали халққа тарқатишга ҳаракат қилди: Тошкент ш. нинг Миробод маҳалласида маҳаллий аҳоли болалари учун янги усул мактаби очиб (1908), ўзи она тили ва адабиётдан дарё берди. 1909 й. «Жамияти хайрия» тузиб, етим болаларни ўқитган. Шундан кейин А. Тошкентнинг Дегрез маҳалласида икки синфли мактаб очган (1912). Бу мактабда дунёвий фанлар ўқитилиши билан мактабхоналардан фарқ қилган. Авлоний янги мактаблар учун кўлланма ва ўқиш китоблар ёзиб, нашр қилдирган [мас, «Биринчи му-аллим», 1911; «Иккинчи муаллим», 1912; «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ», 1913; 4 жузд (қисм) ли «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» тўплами, 1909—15; «Мактаб гулистони», 1915; «Мардикорлар ашувласи», 1917 ва б. ]. Мунавварқори, Муҳаммаджон Подшохўжаев, Тавалло, Рустамбек Юсуфбеков, Низомиддин Хўжаев, Шокиржон Раҳимий каби тараққийчилар билан биргаликда «Нашриёт» (1914), «Мактаб» (1916) ширкатларини ташкил этган. Авлоний халқ онгини ошириш учун театр санъатидан ҳам фойдаланган. У 1913 й. да «Туркистон» номли театр труппасини ташкил этишда ва унинг ишида фаол қатнашган. 1910—16 й. ларда бир қанча саҳна асарларини таржима қилди ва ўзи саҳналаштирди. Авлонийнинг саҳна асарлари Тошкент, Фарғона, Андижон, Қўқон, Хўжанд каби шаҳарларда кўйилган. Бу асарларда 20-а. бошларидаги Туркистон ҳаётининг кенг манзаралари ўз ифодасини топган. Авлоний труппасида Маннон Уйгур тарбия топган; труппа билан Ҳамза, Озарбайжон драматурглари Узайр Ҳожибеков, С. Руҳулло ҳамкорликда бўлган. Октябрь тўнтаришидан кейин халққа ваъда қилинган эркинликнинг берилмаганлиги шоир ижодида тушкунликнинг пайдо бўлишига олиб келди («Хафалик соатда» шеъри, 1919). Авлоний 1917 й. да «Турон» газ. ни нашр қилди. Газ. да сиёсий ва ижтимоий воқеалар ёритилган. 1918 й. А. «Иштирокиюн» газ. ни ташкил этишда қатнашди ва унинг муҳаррири бўлди. 1919—20 й. ларда Шўро ҳукуматининг Афғонистондаги сиёсий вакили ва консули. «Касабачилик ҳаракати» жур. бош муҳаррири (1921).1921 й. дан Авлоний мактаблар очиш, халқни саводхон қилиш, ўзбек хотин-қизларини ўқитиш, ўқитувчилар ва зиёли кадрлар тайёрлаш ишлари билан шуғулланди. У Эски шаҳардаги хотинқизлар ва эрлар маориф билим юртлари (инпрослар)да мудир (1923—24), Тошкент ҳарбий мактабида ўқитувчи (1924— 29). 1930—34 й. ларда Ўрта Осиё ун-ти тил ва адабиёт кафедраси мудири, проф. Шу даврда у ўзбек мактабларининг 7синфи учун «Адабиёт хрестоматияси» тузиб, нашр эттирди (1933). А. Ҳижрон, Набил, Индамас, Шуҳрат, Тангриқули, Сурайё, Шапалоқ, Чол, Аб, Чиғабой, Абдулҳақ тахаллуслари билан танқидий ва илмий мақола, 4000 миерадан ортиқ шеър ижод қилган.

Ас: Тошкент тонгги, Т., 1978; Туркий гулистон ёхуд ахлоқ, Т., 1992; Ўсон миллат, Т., 1993.

Ад.: Қосимов Б., Абдулла Авлоний, Т., 1979; Қосимов Б., Излай-излай топганим, Т., 1983; Қосимов Б., Долимов У., Маърифат дарғалари, Т., 1990.

Бегали Қосимов.

Next Article

АВОКАДО