АВЛОС (юн. avlos) — юнон пуфлама сози. Римда (тибия номида) ва Ўрта денгиз ҳавзаси мамлакатларида тарқалган, цилиндрсимон шаклдаги 3—4 тешикли иккита (қўш) найчадан иборат бўлган. Кейинчалик тешикчалари 15 тага етган, баъзилари сурилувчан ҳалқа билан бекитилган. Турли узунлик ва созда ясалган. Умумий диапазони тахм. биринчи октава «ре»дан — учинчи октава «ре»гача. Якканавоз ижрочилик (авлетика)да созанда (авлет) бир вақтда икки Авлосдан фойдаланган. Антик фожиада, қурбонлик маросими, ҳарбий мусиқа (спарга) да ишлатилган. Авлос жўрнавозлигидаги хонандалик авлодия деб аталган. Ўзбек созларидан қўшнайта ўхшаб кетади.