АВРАНГЗЕБ, Оламгир (асл исми Муҳйиддин Муҳаммад) (1618—1707 й. март, Аҳмадобод) — Ҳиндистон подшоси (1658—1707), бобурийлар сулоласидан, Шоҳ Жаҳоннинг учинчи ўғли, Зебуннисо бегимнинг отаси. Онаси — Мумтоз Маҳал номи билан машҳур бўлган Аржуманд Бонубегим. Аврангзеб иниси Муродбахш билан иттифоқ тузиб, Деҳлида тахтни эгаллаган (1658). Аврангзеб подшолик ерларини қўшни хонликлар — Бижапур ва Голконда ҳисобига кенгайтирди (1686—87). Лекин солиқларнинг кўпайиши, ҳиндларнинг давлат ишларидан узоқлаштирилиши, бутхоналар мол-мулкининг мусодара қилиниши, ҳиндлар орасида исломни жорий эттириш жараёни натижасида мамлакатда ғалаёнлар кўтарилиб турди (Махараштра, Панжоб, Деҳли — Агра вилоятларида). Шиважи (1630—80) бошчилигидаги кураш натижасида Махараштра алоҳида хонлик бўлиб ажралди (1674). Аврангзебнинг ҳукмдорлик даврида Жан. Ҳиндистон бир неча хонликларга бўлиниб кетди. Бу эса Ҳиндистонда бобурийлар салтанатининг емирилишини бошлаб берди.