АВРОРА (Aurora) — қад. Рим афсоналарида тонг ёғдуси маъбудаси. Юнон афсоналарида Эос номи билан юритилади. Ривоятларга кўра, Аврора худоларга ва инсонларга кундузи нур таратиб туради. Аврора тасвирий санъат асарларида отлар қўшилган ғилдиракли аравага тушган ҳолда океандан чиқиб келаётган ёш, икки қанотли аёл сиймосида гавдалантирилган. Антик замонларда яшаган шоирлар Аврорага атаб қасидалар ва б. жанрларда асарлар ёзишган.