АВСТРАЛИЯ ФЛОРИСТИК ДУНЁСИ

АВСТРАЛИЯ ФЛОРИСТИК ДУНЁСИ — Ер юзидаги флористик дунёлардан бири. Унга Австралия қитъаси киради. Австралия флористик дунёси ўзига хослиги, жуда қадимгилиги ва эндемларга бойлиги билан ажралиб туради. Чунки мезозой эрасида Австралия Осиёнинг ёндош қисмларига боғланиб турган. У Осиёдан ажралиб қолгандан сўнг ўсимликлар олами мустақил, ўзига хос равишда ривожлана борган. Австралия флористик дунёси 12000 дан зиёд тўрни ўз ичига олади, шундан 570 туркумга мансуб 9100 тур эндемик (фақат Австралияга хос)дир. Эндемик туркумларга Накеа (Proteaceae), Pultennaea (Fabaceac), Boronia (Rutaceae), Dampiera (Goodeniaceae) кабилар киради. Бу ерда Platyzomataceae, Austrobaileyaceae, Enblingiaceae, Davidsoniaceae, Akaniaceae каби эндемик оилалар ҳам бор. Австралия ўсимликлар қопламининг шаклланишида Acacia, Eucalyptus, Casayrina, Melaleuca каби туркумларнинг вакиллари катта роль ўйнайди. Австралиянинг ғарбий ва шарқий қисмларини қадимда узоқ вақт денгиз ажратиб турганлиги учун унинг марказий қисмидаги кўпгина ўсимлик турларининг ареаллари бир-биридан узилиб қолган. Баланд тоғларнинг ён бағирлари ва Катта Сувайирғич тизма платосининг айрим жойларида ўрмонлар чўққиларгача етиб бормайди. Субальп ва альп ўтлокларида шим. тоғ ўсимликларидан айиқтовон, бинафша, вероника ва гнафалиум ва б. учрайди.

Австралиянинг шўрхок чўллари (Марказий р-нлари) шўра (қизил шўра, олабута, изен), қумли ерлари қаттиқ тиканли (айниқса Chenopodiaceae оиласига мансуб) ўсимликлар (триодия, спинифекс) билан қопланган. Бу р-нларга шим. ва шарқдан қаттиқ баргли бутазорлар уланиб кетади. Шим.-ғарб ва шарқда бутазорлар тугаб, аста-секин паст бўйли филлодия акациялари ва эвкалиптлар ўсадиган кенг саванналар, ундан ҳам нарида саванна ўрмонлари келади. Қитъанинг жан.-ғарбида ва шарқида денгизга яқинлашган сари доим яшил субтропик ўрмонлар, Маржон денгизи соҳилларида эса нам тропик ўрмонлар — гилеялар бор. Австралия флористик дунёсининг субтропик ва субантрактик ўрмонларида баҳайбат (бал. 100 м ва диаметри 2 м гача бўлган) эвкалиптлар, дарахтсимон папоротниклар, саговниклар ва б. реликт ўсимликлар ўсади. Австралия бутун дунёда экиладиган ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар (эвкалипт ва акациялар) ватанидир. Австралия флористик дунёси ўсимликлар дунёсининг мағзини қад. голантарктида флораси ташкил этади. Австралия флористик дунёси учта флористик обл. га бўлинади (Тахтажян, 1978): 1. Шим.-шарқий австралия обл. Бу обл. ўзига хос флорага эга 4 та провинцияга бўлинади:

1) Шим. австралия провинцияси;

2) Квинсленд провинцияси;

3) Жан.-шарқий австралия провинцияси;

4) Тасмания обл. 2. Жан.ғарбий австралия обл. битта — жанубиғарбий австралия провинциясини ўз ичига олади. 3. Марказий австралия ёки эремей обл. ҳам битта эремей провинциясидан иборат.