АВСТРАЛИЯ ПЛАТФОРМАСИ

АВСТРАЛИЯ ПЛАТФОРМАСИ — Австралиянинг ғарбий ва марказий қисмлари ва Янги Гвинея жан. қисмини эгаллаган токембрий платформаси. Архей-қуйи протерозойга мансуб фундаменти метаморфиклашган вулканик жинслар, гнейс ва гранитлардан тузилган; юқори протерозой-плеозой даври чўкинди ғилофи эса терригенли, карбонатли ва вулканоген жинслар (платобазальтлар) дан ташкил топган. Заминидаги жинслар орасида олтин, темир рудаси, рангли ва камёб металлар, чўкинди ғилофида нефть ва газнинг йирик конлари бор.